Муроджон Аҳмадалиев: "P4P юлдузи катта "вызов"ларга тайёр эмас экан"

Аҳмадалиев ва Эспиноса
Фото: DAZN

TASHKENT. Kazinform - Биринчи ярим енгил вазнда собиқ жаҳон чемпиони, WBA камари учун расмий даъвогар ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиевнинг жанг тафсилотлари маълум бўлди, дея хабар беради Kazinform агентлиги Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизматига таяниб.

Чарм қўлқоп устаси вақтинчалик WBA камари учун жанг ўтказади. Муроджон Аҳмадалиев (12-1, 9 КО) 14 декабрь куни Монте-Карло шаҳрида Matchroom промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилаётган проф бокс оқшомининг марказий жангида рингга кўтарилади. Жанг ярим енгил вазнда вактинчалик WBA камари учун бўлиб ўтади.

Шу куни 29 ёшли боксчи мексикалик 27 ёшли Рикардо Эспиноса Франко (30-4, 25 КО)га қарши рингга чиқади. Бу боксчи WBA рейтингида 13-ўринни эгаллаб турибди. Рикардо Эспиноса Франко 2019 йилда енгил вазнда вақтинчалик WBO камари учун ҳам жанг ўтказган эди. Ўшанда у уч вазн тоифасида жаҳон чемпиони Жон Рил Касимерога 11-раундда нокаут билан ютқазганди. Жанг тўхтатилгунига қадар ҳакамлар ҳисоб-китобига кўра дуранг бўлиб турган эди.

"Ишга қайтганимдан хурсандман. Афтидан, бу P4P юлдузи, яъни Иноуэ ҳали катта чақирувларга тайёр эмас экан. Мендан қочишда давом этаверсин. Мен барибир ўзимга тегишли нарсани қўлга киритаман. Муроджонни кутинг, декабрь анча қайноқ бўлади", — деди ўзбекистонлик 29 ёшли чарм қўлқоп устаси.

Эслатиб ўтамиз, Муроджон Аҳмадалиев япониялик мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэнинг WBA чемпионлик камарига расмий ва мажбурий даъвогар ҳисобланади. Наоя декабрь ойининг сўнггида австралиялик Сэм Гудманга қарши рингга кўтарилади.

Сўнгги хабарлар
telegram