Москва ишбилармонлари Қозоғистон билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
МOSKVА. Kazinform – Россия пойтахтидаги Вазият маркази майдонида бўлиб ўтган Москва-Қозоғистон бизнес мулоқотида Алмати вилояти ҳокимлиги, квазидавлат сектори ва тадбиркорлардан иборат делегация россиялик ҳамкасблари билан ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири Қозоғистоннинг Россиядаги Элчихонасига таяниб.

Форумдан кўзланган мақсад икки давлат ишбилармонлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ишбилармонлар ҳамкорлигининг янги йўналишларини аниқлашдан иборат.
Форумда савдо-иқтисодий алоқалар, саноат кооперацияси, рақамли трансформация, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, туризмни ривожлантириш ва маданий алмашинув масалалари муҳокама қилинди.

Қозоғистоннинг Россиядаги Элчиси Д.Абаев йиғилиш иштирокчиларини мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан таништирди ва Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Токаев Қозоғистон халқига Мурожаатномасида миллий иқтисодиётнинг асосий тармоқларига хорижий сармояларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратганини таъкидлади.
“Москва экспорт маркази” автоном нотижорат ташкилоти бош директори В.Степанов Қозоғистон доимий равишда Москванинг етакчи экспорт ҳамкорлари учлигига кираётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, барча соҳаларда барқарор ўсиш кузатилмоқда, бу учрашувнинг долзарблигидан далолат беради.

Москва ҳукумати аъзоси, Москва шаҳар ташқи иқтисодий ва халқаро алоқалар департаменти бошлиғи С. Череминнинг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги 28 миллиард долларлик товар айланмасининг учдан бир қисми (9 миллиард доллар) Москва бизнесига тегишли.
2025 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 14,2 фоизга ошиб, 1,9 миллиард долларга етди. Шунингдек, Президент Қ.Toқаевнинг Россияга режалаштирилган давлат ташрифи доирасида ноябрь ойида Астана ва Алмати шаҳарларида Москва кунлари ўтказилишини маълум қилди.
Алмати вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Қуанишбек Мирамбекули вилоятнинг сайёҳлик салоҳияти билан таништириб, фаол ҳордиқ чиқариш, табиат билан яқиндан танишиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Москва туризм қўмитаси раиси ўринбосари Булат Нурмуханов 2024 йилда Москвага 26 миллион сайёҳ келишини, улардан 200 минг нафари қозоғистонликлар бўлишини таъкидлади.
— Бу ҳали чекланган кўрсаткич эмас. Биз ўзаро бизнес миссиялар ва танишув саёҳатларини ташкил этишга тайёрмиз, — деди у.
Алмати вилояти тадбиркорлик ва саноат-инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Қуаниш Бақитули ҳудуднинг табиий, ишлаб чиқариш ва инсон ресурслари ҳақида гапириб, вилоятнинг трансчегаравий логистикадаги стратегик ролини қайд этди. У москвалик ишбилармонларни янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга чақирди.

Вилоят рақамли технологиялар бошқармаси бошлиғи Ақил Жандос Қанатули вилоятда амалга оширилаётган асосий рақамлаштириш лойиҳалари билан таништирди. Унинг сўзларига кўра, замонавий технологияларнинг жорий этилиши ҳудудий инфратузилмани бошқариш самарадорлигини оширди. Шунингдек, у “Алмати вилоятининг рақамли эгизаклари” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилаётганини қайд этди.

Қозоғистон енгил саноат корхоналари уюшмаси вице-президенти Инна Апенко мамлакат fashion-саноати ва Қозоғистоннинг «Global Nomads» брендини тақдим этди.
Форум якунида бизнес алмашинуви бўлиб ўтди. Қозоғистон ва россиялик тадбиркорлар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар, Алмати вилояти ҳокимлиги ва Қозоғистон Республикаси Элчихонаси вакиллари россиялик бизнес вакилларининг саволларига жавоб бердилар.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон-Хитой Ишбилармонлар кенгаши: 70 дан ортиқ тижорат ҳужжатлари имзоланди.
Муаллиф: Бекбау Тайманов