Мажилис Қозоғистоннинг сармоявий жозибадорлигига ижобий таъсир кўрсатадиган ҳужжатни маъқуллади

NUR-SULTAN. Кazinform - Қозоғистон Парламенти Мажилиси «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг воситачилик йўли билан эришилган халқаро ярашув битимлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None
None

«Бугунги кунда медиацияга талаб ортиб бормоқда. Фуқаролар низонинг ҳар икки томон манфаатларини кўзлаб, медиация йўли билан ҳал этилишидан манфаатдор. 2019 йил 7 август куни Сингапурда Қозоғистон БМТнинг воситачилик йўли билан эришилган халқаро ярашув битимлари тўғрисидаги конвенциясини имзолади. Конвенциянинг мақсади – иштирокчи давлатлар ҳудудида воситачилик йўли билан эришилган халқаро келишувларни тан олиш ва амалга оширишдан иборат. Бугунги кунга қадар воситачилик йўли билан эришилган халқаро келишувларни тан олиш ва амалга оширишнинг ягона механизми мавжуд эмас. Шунга кўра, низо томонлари келишув битимини бошқа юрисдицияда тан олиш ва ижро этиш учун судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади», — деди ҚР Адлия вазири Қанат Мусин.

Унинг сўзларига кўра, Конвенцияга мувофиқ, ярашув битимини амалга ошириш миллий қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади. Медиация натижасида эришилган келишувларни бажариш тартиби Қозоғистон Республикасининг «Медиация тўғрисида»ги Қонуни ва Қозоғистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг қоидаларида назарда тутилган.

«Конвенция фақат иштирокчи давлатнинг икки ёки ундан ортиқ компаниялари ўртасидаги халқаро тижорат низоларига нисбатан қўлланилади. Конвенциянинг ратификация қилиниши суддан ташқари воситачиликни такомиллаштиришда ижобий қадамдир. Бу халқаро савдони ривожлантиришнинг муҳим воситаси бўлиб, тижорат томонларнинг халқаро шартномаларини амалга оширишга ёрдам беради. Қозоғистоннинг Конвенция иштирокчиси сифатидаги мақоми мамлакатнинг халқаро ишбилармонлик обрўси ва сармоявий жозибадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда», — деди вазир.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Сўнгги хабарлар