Марказий Осиёдаги хорижий инвестицияларнинг қарийб 70 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади

ASTANA. Kazinform — Бу ҳақда Давлат раҳбари «Марказий Осиё — Корея Республикаси» бизнес-саммитида маълум қилди.

Мемлекет басшысы
Фото: Ақорда

Президентнинг айтишича, Марказий Осиёнинг жами ялпи ички маҳсулотининг қарийб 60 фоизи ва минтақага хориждан тўғридан-тўғри жалб этиладиган инвестицияларнинг қарийб 70 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади.

“Мамлакатимизнинг Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожланиши ва фаровонлигига қўшаётган салмоқли ҳиссасини ушбу кўрсаткичдан ҳам кўриш мумкин. Ташриф доирасида икки давлат ўртасида умумий қиймати қарийб 19 миллиард доллар бўлган 80 га яқин тижорат битимлари имзоланди. Бу - қуруқ баёнот ёки бугунги тил билан айтганда, қоғозда қолиб кетадиган битимлар эмас, балки амалга ошириладиган аниқ режалардир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Ҳукумат бизнес лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилишини диққат билан назорат қилади. Қозоғистон Ҳукумати қўшма лойиҳаларни муносиб даражада амалга ошириш учун корейс тадбиркорларига ҳар томонлама кўмак кўрсатади. Бунинг учун Қозоғистон ва Кореянинг 2027-2030 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигининг комплекс дастури ишлаб чиқилади. Биз инвестициявий муҳитни изчил равишда яхшилаб, хорижий инвесторлар учун имкон қадар қулай шароитлар яратиб келмоқдамиз. Мамлакатда бизнес бошлаш ниятида бўлган инвесторларга имтиёзлар тақдим этувчи Altyn Visa дастурининг жорий этилиши муҳим қадамлардан бири бўлди. Корейс тадбиркорлари, умуман, корейс бизнеси ушбу имтиёзлардан фаол фойдаланади, деб ўйлайман”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳиятга эга бўлган йўналишларга тўхталиб, саноат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни асосий устувор вазифа сифатида қайд этди.

“Ҳозирги вақтда Қозоғистон ва Корея қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган 51 та лойиҳани амалга оширмоқда. Ўтган йили мамлакатимизда 170 мингдан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилди ва ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 18 фоизга ошди. Бунда Hyundai ва Kia заводларининг катта ҳиссаси бор. Буларнинг барчаси - маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва қўшилган қиймати юқори бўлган технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган ишларнинг мустаҳкам асосидир. Маҳаллийлаштириш жараёнини диққат билан кузатиб боряпман. Албатта, бу бир кунда амалга ошадиган иш эмас. Шунга қарамай, олға қараб ҳаракат қилишда давом этишимиз керак”, — деди Президент.

Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев «Марказий Осиё — Корея Республикаси» биринчи бизнес-саммити иштирокчиларини қутлаб, Қозоғистон Корея Республикасининг Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш ниятини юксак баҳолашини таъкидлаган эди.