Марказий Осиё давлатлари хавфсизликнинг учта йўналишида кучларини бирлаштиради

ASTANA. Kazinform – Астанада Марказий Осиё давлатлари Хавфсизлик кенгаши котибларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Астана
Фото: Виктор Федюнин/Kazinform

“Давлатларимиз Президентларининг мақсадли саъй-ҳаракатлари ва изчил қадамлари туфайли Марказий Осиё интеграцияси янги босқичга кўтарилмоқда. Бу мамлакатларимиз ўртасида ўрнатилган кўп асрлик ишонч, дўстлик ва тинчлик ришталарини мустаҳкамлаш истагини билдиради. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви муносабатларимизни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзаро ҳамкорликнинг бундай формати савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга сезиларли туртки берди”, – деди Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Ғизат Нурдаулетов учрашув чоғида.

Шу муносабат билан у жорий йилнинг август ойида Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган VI саммитга ҳозирда тайёргарлик кўрилаётганини алоҳида таъкидлади.

“Геосиёсий ва геоиқтисодий нотинчлик минтақамизнинг хавфсизлик ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Қозоғистон Президенти Тоқаев Қасим-Жомарт Кемелули биз билан бўлган бугунги учрашувда таъкидлаганидек, Марказий Осиё давлатлари Хавфсизлик кенгаши котиблари даражасидаги учрашувлар ташқи ва ички таҳдидларга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштирувчи платформага айланишга қаратилган. Шу билан бирга, ўзаро ҳамкорлик форматимиз сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ижобий динамикани мустаҳкамлашга ёрдам беради, деб ҳисоблаймиз. Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатларингизга Қозоғистондаги сув тошқинлари муносабати билан кўрсатган биродарлик тилаклари ва инсонпарварлик ёрдами учун самимий миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз. Биз дастлабки босқичда учта нуқтага эътибор қаратиш ва уларни амалга ошириш йўлида изчил тараққиётга эришиш мажбуриятини олдик. Биринчиси, сув-энергетика хавфсизлиги, иккинчиси, озиқ-овқат хавфсизлиги, учинчиси, Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлиги ва транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш”, – деди у.

Сўнгги хабарлар