Марказий Осиёда болалар вакциналарига муносабат қандай

TASHKENT. UzA-Kazinform - Жорий йил дунё бўйлаб 55 давлатдан олинган маълумот асосидаги таҳлилга кўра, COVID-19 пандемияси бошлангандан бери Европа ва Марказий Осиёда болалар вакциналарига ишонч сусайган. Ушбу мамлакатларнинг 29 таси Европа ва Марказий Осиёда, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.
None

ЮНИCЕФ томонидан тақдим этилган мазкур янги ҳисоботда келтирилишича, бу икки минтақадаги таҳлил давомида қамраб олинган мамлакатларда вакцинанинг болалар учун муҳимлигини англаш даражаси 10 фоиз камайган. Аксарият ҳудудларда 35 ёшгача бўлган кишиларнинг аёллар ва болалар вакциналарига нисбатан ишончи пасайган.

– Болалар учун мўлжалланган вакцинага ишонч пасайиши жуда ташвишли, – дейди ЮНИCЕФ Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори ўринбосари Филип Кори. – Аслида, иммунизация инсоният эришган энг ажойиб муваффақиятлардан бири. Пандемия қўзғатган қўрқув ва нотўғри маълумот оқими туфайли эмлашдан воз кечиш ҳолати тез-тез кузатиляпти. Бунинг бадали оғир келиб, жуда кўп инсонлар ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.

Пандемия, деярли, барча мамлакатларда болалар эмланишини тўхтатиб қўйди. Бу ҳолат, асосан, соғлиқни сақлаш тизимига нисбатан кучли босим, иммунизацияга мўлжалланган ресурслар коронавирус вакцинасига йўналтирилиши, тиббиёт ходимлари етишмаслиги ва уйда қолиш чораси қўлланиши туфайли юзага келди. Натижада 2019-2021 йиллар оралиғида дунё бўйлаб 67 миллион бола мунтазам вакцинациядан ўтмади, 112 давлатда эмлаш билан қамраб олиш даражаси кўрсаткичи пасайиб кетди.

Қайд этилишича, бир ёки бир неча бор мунтазам эмланишдан қолган бир миллионга яқин бола Европа ва Марказий Осиёда яшайди. Афсуски, уларнинг 327 минг 400 нафари «нол дозали» – ҳеч қандай эмланмаган ва «кам эмланган» тоифага мансуб бўлиб, кўк йўтал, дифтерия, қоқшол (АКДС-3) вакцинасининг учинчи талаб қилинадиган дозасини олмаган.

Таҳлилга кўра, минтақада нол дозали болалар мавжудлиги бўйича энг юқори кўрсаткич Босния ва Герцеговина, Қирғизистон, Молдова, Шимолий Македония ва Украинада қайд этилган. Босния ва Герцеговина, Грузия, Черногория, Руминия ва Украина етарли эмланмаган болалар сони энг юқори мамлакатлар гуруҳини ташкил этган.

ЮНИCЕФ ҳукуматларга мурожаат қилиб, болаларни ҳимоя қилиш ва касаллик ўчоғи юзага келишининг олдини олиш мақсадида ўтказиб юборилган вакцинацияни амалга оширишга чорасини кўришга чақирмоқда. Жараён молиялаштирилишини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш ва мавжуд, жумладан, коронавирусга қарши курашга ажратилган маблағнинг ортиб қолган қисмидан фойдаланиш учун манфаатдор томонлар билан ишлашни тавсия этмоқда.

Ҳисоботда ҳукуматлар учун иммунизация хизмати ва бирламчи тиббий ёрдамни молиялаштиришга устувор аҳамият бериш, аёл тиббий ходимларга, инновация ва маҳаллий ишлаб чиқаришга сармоя киритиш орқали мустаҳкам соғлиқни сақлаш тизимини яратишга доир қатор тавсиялар берилган. Масалан, шошилинч равишда барча болаларни, айниқса, COVID-19 пандемияси даврида эмлашни ўтказиб юборганларни аниқлаш ва вакцинацияга жалб қилиш керак. Вакцинага ишонч ва талабни кучайтириш, эмланиш эҳтиёжини қондириш, муаммони ҳал қилиш учун ҳамжамият билан яқин ҳамкорлик қилиш лозим.

Филип Кори иммунизация болалар саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлади. Вакцина билан касалликнинг олдини олиш, хасталик оқибатидаги азиятни имкон даражасида озайтириш учун ҳукуматлар, донорлар коронавирус пандемияси билан курашиш учун ажратган маблағдан қолган пулни сарфлаш ҳисобидан эмлаш хизматини кучайтириш, барча болаларни, қаерда бўлишидан қатъи назар, мунтазам эмланишга йўналтириш зарур.

Сўнгги хабарлар