Марказий Осиё тадбиркор аёллари Термизда учрашади

«Тадбиркор аёл» халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ташкил этаётган нуфузли анжуман «Ҳунармандчиликда электрон тижорат – Марказий Осиё аёллари бизнесидаги асосий ўзгаришлар драйвери» мавзуига бағишланади.
Форумда Марказий Осиёнинг 100 дан ортиқ моҳир ҳунарманд аёллари иштирок этади.
Форум ташкилотчиларидан олинган маълумотларга кўра, халқаро анжуман иштирокчилари икки кун давомида Марказий Осиё мамлакатларида электрон тижоратни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини кенг муҳокама қилиш учун замонавий платформа яратиш йўлларини ўрганади. Тадбиркор аёлларнинг ҳунармандчилигида рақамли ечимларни ишлаб чиқишнинг устувор йўналишларини муҳокама қилади. Ҳунарманд аёлларнинг электрон тижорат йўналишидаги маҳоратини ошириш ва аёллар бизнесида инновацион онлайн савдо имкониятларига бағишланган қатор тақдимотлар ўтказилади. Термиз шаҳридаги «Санъат саройи» да ташкил этилган ҳунарманд аёллар кўргазмаси билан танишади. Сурхондарё вилоятининг тарихий обидалари ва археологик ёдгорликларини томоша қилади.