Марказий Осиё мамлакатлари салоҳиятини Хитойнинг улкан иқтисодий қудрати билан уйғунлаштириш жуда муҳим – ҚР Президенти

None
Фото: t.me/aqorda_resmi
ХIAN. Кazinform – Қозоғистон ва Хитой тарихи Буюк Ипак йўли орқали чамбарчас боғланган. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев «Марказий Осиё – Хитой» биринчи саммитида маълум қилди, дея хабар беради Кazinform.

«Бугунги саммит қадимий Сиань шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бу катта рамзий маънога эга. Зеро, Буюк Ипак йўли шу ердан бошланган. Мамлакатларимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги ана шу йўл орқали чамбарчас боғланган.

Сиань Хитойнинг бой тарихий ва маданий мероси ҳамда етук қудрати билан фахрланадиган шаҳардир. Хитой дунёдаги энг йирик сармоядор ва жаҳон иқтисодиётида етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Шу боис Хитой билан ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш Қозоғистоннинг барқарор ривожланишига имкон беради.

Марказий Осиё мамлакатлари салоҳиятини Хитойнинг улкан иқтисодий қудрати билан уйғунлаштириш жуда муҳим. Бу қадам кўп қиррали ҳамкорлигимизга янги суръат бағишлаши шубҳасиз. Мамлакатимиз ана шу мақсадни амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга тайёр», – деди Президент.

Давлат раҳбари ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари икки мамлакат манфаатларига мос келишини алоҳида таъкидлади.

«Биринчидан, биз товар айланмасини оширишимиз керак. Кейинги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар янги босқичга кўтарилди. Ўтган йили Қозоғистоннинг ушбу минтақа давлатлари билан алоқалари 19 фоизга ошди. Яъни, бу 8 миллиард долларга етди. Келгусида бу кўрсаткични 15 миллиардга етказиш ниятидамиз», – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, минтақанинг Хитой билан савдоси жадал ривожланаётганини таъкидлади. Ўтган йили бу кўрсаткич 70 миллиард долларга етди. Унинг 45 фоизи Қозоғистонга тегишли.

«2030 йилга бориб Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжуд», – деди ҚР Президенти.

Сўнгги хабарлар
telegram