Малика Кэтрин кимё терапияни якунлагандан сўнг биринчи марта омма олдида пайдо бўлди
ASTANА. Кazinform - Уэльс маликаси ва унинг турмуш ўртоғи тўсатдан Саутпортга борди ва улар шу йилнинг июль ойида фожиали бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган уч боланинг оилалари билан учрашди.
Бу Кэтриннинг кимё терапияни якунлагандан кейин биринчи марта омма олдида чиқиши эди.
Қироллик оиласига яқин манбалар у "маҳаллий ҳамжамиятга қўллаб-қувватлаши, ҳамдардлиги ва садоқатини кўрсатиш" учун шаҳзода Уильямга қўшилишни танлаганини айтди.
Маликанинг мамлакат шимоли-ғарбий соҳилидаги шаҳарга ташрифи аҳоли учун кутилмаган воқеа бўлди.
Даволанишни якунлагандан сўнг, шаҳзода Уильямнинг рафиқаси аста-секин қироллик вазифаларига қайтади ва унинг Саутпортга ташрифи бу йўналишдаги муҳим қадам бўлди.
Кэтрин "яхши кунлар ва ёмон кунлар" ҳақида гапирди ва Кенсингтон саройи сўнгги дақиқада унинг омма олдида чиқиш тартиби ўзгариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Қироллик жуфтлиги ҳалок бўлган 6-9 ёшли уч қизнинг оилалари билан бир ярим соат суҳбатлашди ва фавқулодда вазиятлар ходимлари билан учрашди.
Эслатиб ўтамиз, фожиали воқеа июль ойида 17 ёшли Аксель Рудакубана Hart Space рақс клубининг синфига пичоқ билан кириб келганида содир бўлган эди. Икки қиз воқеа жойида вафот этди, 11 киши, жумладан, 8 бола жароҳат олди, яна бир қиз эса кейинчалик шифохонада вафот этди.
Уэльсда туғилган ва Британия фуқаролигини олган руандалик муҳожирларнинг ўғли Аксель жиноят жойида қўлга олинди. У қотиллик ва қотилликка уринишда айбланмоқда.