Лион мэри коррупцияда айбланмоқда
ASTANA. Кazinform – Франциянинг учинчи йирик шаҳри Лион мэри Грегори Дусе давлат маблағларини ўзлаштирганликда айбланиб, дастлабки тергов доирасида ҳибсга олинди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Франция матбуоти хабарларига кўра, Лион мэри ва Яшиллар партияси вакили Грегори Дусе давлат маблағларини ўзлаштириш иши бўйича гумонланувчи сифатида тергов қилинмоқда. У Франция прокуратураси вакиллари томонидан ҳибсга олинган ва ўн соатдан ортиқ сўроқдан кейин қўйиб юборилган.
2024 йил март ойида Лион мэриясида тинтув ўтказилди. Тергов давомида Лион мэрияси 24 кишини ноқонуний равишда ишга олганликда гумон қилинган. Ушбу ҳаракат давлат маблағларини ўзлаштириш мақсадида амалга оширилган, деган версия текширилмоқда.
Озодликка чиққандан сўнг Грегори Дусе шаҳар мэриясидаги лойиҳа менежерлари лавозимларини “маъмурий лавозимлар” деб атаган ва улар сиёсат учун эмас, балки жамоат манфаати учун ишлаётганини даъво қилган.
— Бу — ҳақиқий одамлар бажарадиган ҳақиқий иш, — деди у Лион полиция бўлими олдида журналистларга лойиҳа менежерларининг вазифалари ва уларнинг шаҳардан маошлари ҳақидаги саволларга жавоб берар экан.
Франция оммавий ахборот воситалари полициядаги манбаларга таяниб, Дуcе маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8:00 да ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Молиявий полиция томонидан тергов давом этмоқда.
— Грегори Дусе терговнинг одатий босқичида шаҳар қандай ишлашини тушунтириш ва қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини ҳимоя қилиш учун жамоат вакили сифатида тингланди. У адлия тизими билан тўлиқ ҳамкорлик қилмоқда, — деди унинг матбуот котиби.
Грегори Дуcе Яшиллар партияси вакили бўлиб, 2020 йилдан бери Франциянинг учинчи йирик шаҳри Лион мэри бўлиб ишлайди.
Аввалроқ, бельгиялик собиқ Европарламент депутати Мария Арена ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича қуйи қўмита раислиги вақтида коррупция можаросига аралашган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европарламентнинг 15 нафар депутати навбатдаги коррупция тергови доирасида текширилгани ҳақида хабар берган эдик.