Қуллик индекси, болалар савдоси ва «олтин учбурчак»: Қозоғистон одам савдосига қарши қандай курашмоқда

АSTANА. Kazinform – Дунёда одам ўғирлаш, қулликка солиш, чақалоқларни сотиш, никоҳдан ўтишга мажбурлаш ва ўсмирларни фоҳишаликка жалб қилиш каби жиноятлар йилдан-йилга яширин тус олиб, мураккаблашмоқда. Қозоғистон учун ҳам одам савдоси ҳали ўз долзарблигини йўқотмаган муаммодир. Kazinform мухбири хавфли ҳодисанинг кўлами, сабаб-оқибатларини ҳар томонлама таҳлил қилди.

қуллик
Коллаж: Kazinform / Freepik

Қуллик индекси: Қозоғистон 62-ўринда

World Population Review халқаро медиаплатформаси маълумотига кўра, Қозоғистон ўтган йили қуллик индекси бўйича 157 давлат ичида 61-ўринга жойлашган. Кўрсаткичи – 43 балл. Бу МДҲ ва Марказий Осиё давлатларининг кўпчилиги билан солиштирганда ижобий натижа ҳисобланади.

Чунки қуллик индекси 1 дан 100 гача бўлган шкала бўйича ҳисобланади. Кўрсаткич паст бўлса, мамлакатдаги вазият барқарор деб баҳоланади. Индекс икки асосий омилга таянади. Биринчиси – 100 минг одамга тўғри келадиган қулликнинг тарқалиши. Кейингиси – ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бундай жиноятларга реакцияси.

Қозоғистонда қулликнинг тарқалиши 100 минг одамга 1,9 ҳолатни ташкил этади. Қўшни давлатларда эса вазият мураккаброқ. Қуллик даражаси юқори давлатлар қаторида Туркманистон (11,9), Россия (13) ва Тожикистон (14) бор. Бу мамлакатларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бундай жиноятларга қарши ҳаракати ҳам заиф деб баҳоланган. Рейтгда ривожланган Европа давлатлари етакчилик қилмоқда. Биринчи ўринда – Норвегия, у ерда қулликнинг тарқалиши 100 минг одамга — 0,5. Бешликка Финляндия, Нидерландия, Португалия ва Дания кирган. Бу давлатларда ҳукуматнинг одам савдосига қарши ҳаракатига берилган баҳолар 60 баллдан юқори.

Болалар савдоси авж олмоқда

Бош прокуратуранинг Ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисобга олиш қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, сўнгги йилларда Қозоғистонда одам савдосига боғлиқ жиноятлар камаймай келмоқда.

Энг паст кўрсаткич 2022 йилда қайд этилиб, тахминан 150 иш қўзғатилган. 2024 йилда эса у кескин ўсиб, 357 га етган. 2025 йилда қайд этилган ишлар сони 16,5% га камайиб, 298 га тушган бўлса-да, мутахассислар вазиятни ҳали ҳам ташвишли деб баҳолайди.

Одам савдосига оид жиноятлар 9 таркибдан иборат бўлиб, улардан бири – никоҳдан ўтишга мажбурлаш. Бу норма ўтган йили 16 сентябрдан бошлаб қонунга киритилиб, дастлабки 3,5 ойда мамлакат бўйлаб 5 та иш қайд этилган. Бевосита одам савдоси бўйича 12 та ҳолат аниқланган.

Ташвишланарлиси – болалар савдосига оид жиноятларнинг кўпайиши. Бир йил ичида у уч баробар ортиб, 31 ишга етган. Бундай ўсиш Алмати шаҳрида фош қилинган йирик жиноий тўр билан боғлиқ. Уюшган гуруҳ ижтимоий тармоқлар орқали қийин аҳволга тушган ёлғиз оналарни топиб, янги туғилган чақалоқларини боласи йўқ оилаларга сотишни таклиф қилган. Ҳодиса бўйича тахминан 20 жиноий иш қўзғатилган.

Шунингдек, жабрланувчиларнинг асосий қисми аёллар экани аниқланган. 2025 йилда аёл қурбонларнинг улуши 46,5 фоизни ташкил этган, 2024 йилда у 35,5% бўлган.

«Олтин учбурчакдаги» фирибгарлик

Қозоғистонликлар хорижга йўл олиб, баъзан «олтин учбурчак» ҳудуди – Мьянма, Камбоджа ва Лаосда меҳнат қуллиги ва бошқа ҳуқуқий босимга учрайдилар. Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2022 йилдан бошлаб Таиланд ва Вьетнамдаги элчихоналарга меҳнат эксплуатацияси, жинсий қуллик, киберфирибгарлик ва эркинликдан мажбурий чеклашлардан жабрланган 55 киши мурожаат қилган.

– Ҳаммаси чегараолди ҳудудларда жабрланган. Қозоғистоннинг қайси ҳудудидан кетгани ҳақида маълумот йўқ. Ҳаммаси озод қилиниб, Қозоғистонга қайтарилди. Ёшлари 18 дан 45 ёшгача, кўпчилиги – эркаклар. Ижтимоий ҳолати турли даражада. Унинг ичида ишсизлар ҳам, IT соҳасининг тажрибали мутахассислари ҳам бор. Ҳаммаси ёлғон бўш иш ўринлари ҳақидаги таклифларга алданган, – дейилган ТИВ жавобида.

Жабрланувчиларнинг асосий йўналишлари – Мьянма, Камбоджа ва Лаос, Таиланд эса кўпинча транзит давлат сифатида фойдаланилган.

– Одамларни алдаш ва жалб қилиш кўпинча ижтимоий тармоқлар, ёлғон сайтлар орқали амалга оширилади. Ўз навбатида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги Қозоғистоннинг консуллик муассасалари куну тун фуқароларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.

Озод қилиш жараёни жойлашган жойни аниқлаш, музокаралар олиб бориш, халқаро ташкилотлар билан алоқа ўрнатиш ва Таиланд орқали Қозоғистонга қайтариш орқали амалга оширилади, – дейилган жавобда.

Қонун, жазо ва қурбонларга ёрдам

Қозоғистонда одам савдосига қарши курашнинг ҳуқуқий асоси янги босқичга ўтди. 2024 йилнинг июлида «Одам савдосига қарши кураш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, назорат кучайтирилди. Мутахассисларнинг айтишича, ҳужжатнинг кучга кириши статистикани аниқлаш имконини берган.

– Жиноят кодексида одам савдосига оид бир неча модда мавжуд. Бу жиноятлар учун мол-мулк мусодара қилиниб, энг юқори жазо сифатида 18 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган. Бундай жазо ўта оғир жиноятлар қаторига киради, – дейди ИИВ мутахассислари.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил бошидан бери ушбу моддалар бўйича 43 киши судланган. Шунингдек, 2024 йилда илк бор одамларни бошқа жинсий хизматларга жалб қилгани учун жиноий жавобгарлик кучга кирган.

– Янги моддалар бўйича жиноий фактлар қайд этилмоқда. Улар – одамларни бошқа жинсий хизматларга жалб қилиш, мажбурлаб ушлаш, фоҳишалик ва бошқа жинсий хизматларни тарғиб қилиш, – дейилган расмий маълумотда.

Аммо қонунчиликнинг кучайтирилиши муаммонинг фақат бир томони. Мутахассисларнинг айтишича, одам савдосининг олдини олишда энг муҳими – унинг психологик механизмларини тушуниш. Психолог Симбат Абдрахманованинг сўзларига кўра, бу жиноятдан энг кўп жабрланадиганлар – ўсмирлар ва ёшлар.

– Айниқса, 14-29 ёш орасидаги одамлар тез-тез қўлга тушади. Бу – шахс сифатида шаклланиш, ўзликни излаш, мустақилликка интилиш даври. Ёшлар ҳиссиётга тез берилиб, таваккалчиликка мойил бўлади, келажакни баҳолашда тажрибаси кам бўлади, – дейди мутахассис.

Психологнинг айтишича, хавф фақат ёшлар билан чекланмайди. Катта ёшли одамлар ҳам одам савдосининг қурбонига айланиб қолади. Айниқса, ишсизлик, молиявий қийинчилик, ёлғиз она бўлиш ёки мигрант мақомида юриш одамнинг психологик ҳимоясини заифлаштиради.

– Умид ва қўрқув бир вақтда юрганда одам хавф-хатарни эътиборсиз қолдириб, шубҳали таклифларга рози бўлиши мумкин, – дейди у.

Муҳим жиҳат – одам савдосининг қурбонлари албатта заиф ёки билими йўқ одамлар эмас. Баъзан олий маълумотли, фаол, аммо ҳаётий инқирозга дуч келган шахслар ҳам бу тузоққа тушади. Уларини бирлаштирадиган умумий белги – қўллаб-қувватлашнинг йўқлиги.

Психологик тадқиқотлар ва амалий тажриба болалар уйида ўсган ёки ота-она қарамоғисиз қолган одамларнинг одам савдоси ва бошқа эксплуатация турларига алоҳида заиф эканини кўрсатади.

– Бундай одамларда хавфсизлик ҳисси тўлиқ шаклланмайди. Эрта ёшда ота-она қўллаб-қувватлашининг йўқлиги дунёга бўлган ишончни заифлаштиради. Шунинг натижасида улар катта ҳаётда ҳар қандай илиқ сўзга, ғамхўрлик ва «сенга ёрдам бераман» деган ваъдага тез ишониб қолади. Жиноятчилар айнан шу эмоционал очликни ўз манфаатига ишлатади, – дейди психолог.

Симбат Абдрахманованинг айтишича, одам савдоси – тасодифий ҳаракат эмас, олдиндан режалаштирилган, тизимли психологик жараён. Жабрланувчини алдаш ва қарам қилиш бир неча босқич орқали амалга оширилади ва одамнинг аниқ эмоционал ҳолатига таянади. Шунинг учун олдини олишда энг кучли ҳимоя – психологик кўникма.

– Танқидий фикрлаш, шахсий чегарани ҳимоя қилиш, ҳиссиётларни бошқариш, ёрдам сўрай билиш ва манипуляцияни ажрата олиш – хавфдан сақлайдиган асосий кўникмалар, – деб хулоса қилди психолог.

Таъкидлаш жоизки, Қозоғистонда одам савдосининг қурбонларига давлат томонидан комплекс ёрдам кўрсатилади.

– Жабрланувчиларга ижтимоий-маиший, тиббий, психологик, педагогик, меҳнат, маданий, иқтисодий ва ҳуқуқий ёрдамни ўз ичига олган 8 турдаги хизмат таклиф этилади. У жиноий иш қўзғатилган-қўзғатилмаганига қарамасдан кўрсатилади. Шунингдек, жабрланувчи моддий ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли, – дейилган ИИВ расмий жавобида.

Шу билан бирга ИИВ одам савдосининг олдини олиш учун фуқароларни эҳтиёт чораларига риоя қилишга чақирмоқда.

– Ҳуқуқбузарликнинг гувоҳи бўлсангиз, 102 рақамига ёки 116 16 ишонч телефонига қўнғироқ қилинг. Ҳужжатларингизни ҳеч кимга берманг. Шубҳали иш таклифларидан узоқ бўлинг. Хорижга чиқишдан олдин ўша ердаги Қозоғистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасининг алоқа маълумотларини аниқлаб олинг, – дейилган вазирлик хабарида.

Бундан аввал БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш одам савдосини «инсон ҳуқуқларини қўпол бузадиган, даҳшатли жиноят» деб атаб, муаммо билан курашда дунё давлатлари бирлашиши кераклигини маълум қилган эди.

Умуман, одам савдоси – биргина давлатнинг эмас, бутун инсониятнинг дарди. Шунинг учун унга қарши кураш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининггина эмас, жамиятнинг умумий масъулияти бўлиши керак.

Сўнгги хабарлар