Криптовалюталарни айирбошлайдиган муассасалар ташкил этилади – Молия бозорини тартибга солиш агентлиги

ASTANА. Кazinform – Банкларга рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳаларида шўъба корхоналар ташкил этиш ва сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда Мажилиснинг ялпи мажлисида банк фаолияти тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этган Қозоғистон Республикаси Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги раиси Мадина Абилқасимова маълум қилди.

криптовалюта
Фото: trusteeglobal.com

— Қонун лойиҳасида рақамли активларнинг яна бир турини тартибга солиш кўзда тутилган. Булар таъминланмаган рақамли активлар, яъни криптовалюталар. Криптовалюталарни айирбошлайдиган ташкилотларни ташкил этиш кўзда тутилган. Миллий банк лицензиялар беради ва уларнинг фаолиятини тартибга солади. Инвесторларни ҳимоя қилиш учун Миллий банк муомалага рухсат берилган криптовалюталар рўйхатини, шунингдек, криптовалюта айирбошловчилар операциялари бўйича лимитлар ва чекловларни белгилайди, — деди агентлик раҳбари.

Унинг таъкидлашича, пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида криптовалюта айирбошловчилар ва рақамли активлар бозоридаги инфратузилма иштирокчилари молиявий мониторинг субъектлари рўйхатига киритилади.

— Қонун лойиҳаси, шунингдек, банкларнинг экотизимлар доирасида инновацион молиявий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, банк фаолиятига илғор технологияларни жорий этиш ва банкларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун молиявий технологиялар компанияларининг капиталига инвестиция киритиш имкониятларини кенгайтиради. Банкларга рақамли технологиялар, электрон тижорат, киберхавфсизлик, биометрика, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳаларида шўъба корхоналарни ташкил этиш ва сотиб олиш ҳуқуқи берилади, — деди Мадина Абилқасимова.

Агентлик раисининг сўзларига кўра, банкларнинг шўъба корхоналари хорижий молиявий ва лизинг компанияларига инвестиция киритишлари мумкин бўлади. Шўъба суғурта ташкилотларига хорижий суғурта брокерлари, тиббиёт муассасаларини ташкил этиш ва халқаро суғурта синдикатларида иштирок этишга рухсат берилади.

— Қонун лойиҳасидаги муҳим тузатишлар миллий рақамли молиявий инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган. У очиқ банк тизими, мобил тўловлар ва тўлов карталари тизими, миллий тўлов тизими, идентификация маълумотлари алмашинуви маркази ва рақамли тенгени ўз ичига олади. Рақамли тенгенинг миллий валютанинг янги шакли сифатидаги мақоми қонун билан тасдиқланади. Рақамли тенгенинг муомаласи ва ундан фойдаланиш тартиби Миллий банк томонидан белгиланади, — деди у.

Эслатиб ўтамиз, активларнинг янги синфи - рақамли молиявий активлар жорий этилади.

Сўнгги хабарлар