ҚР Президентига «QazaqGaz» МК» АЖ бошқаруви раиси ҳисобот берди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари «QazaqGaz» МК» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Санжар Жаркешовни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Қасим-Жомарт Тоқаевга миллий компания томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойида амалга оширилган ишлар якунлари юзасидан ҳисобот берилди.
Президентга йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича аввал белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ҳақида маълумот берилди.
Санжар Жаркешовнинг айтишича, “Алмати – Байсерке – Талғар” газ қувурининг иккинчи линияси қурилиши, шунингдек, Алмати шаҳридаги иккинчи ва учинчи иссиқлик электр марказларининг газ инфратузилмасини қуриш ишлари якунланган. Бундан ташқари, “Талдиқорған – Ушарал” магистраль газ қувури қурила бошланди. Ўзбекистонга газ ташиш ҳажмини ошириш мақсадида “Марказий Осиё – Марказий” тизимини модернизация қилишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Давлат раҳбарига ресурс базасини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берилди. «QazaqGaz» МК» АЖ бошқаруви раисининг таъкидлашича, мамлакат иқтисодиётида товар газини истеъмол қилиш ҳажми бир неча баробар ортиб бораётганини ҳисобга олиб, мазкур тармоқда геология-қидирув лойиҳаларини амалга оширишга хорижий инвестициялар жалб қилинган. Chevron компанияси билан Ақтўбе вилоятида геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича шартнома имзоланди. Лойиҳа тўлиқ инвесторнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаевга Энергетика ва миллий иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди. Бу чора-тадбирлар Давлат раҳбарининг Мурожаатномасида таъкидланганидек, газ тармоғининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, кўк ёқилғининг тегишли тариф ва улгуржи нархини белгилаш вазифаларини бажариш мақсадида амалга оширилмоқда.
Йиғилиш якунида Президент иссиқлик мавсумида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор газ билан таъминлаш, соҳани ислоҳ қилишни давом эттириш, газ ташиш тизимининг қувватини ошириш бўйича қатор топшириқлар берди.