ҚР Президенти «ШҲТ плюс» саммитида иштирок этди
ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев «Кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш» мавзусига бағишланган «ШҲТ плюс» саммитида нутқ сўзлади.

Президент Хитой раислиги доирасида ШҲТнинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни сезиларли даражада мустаҳкамланганига эътибор қаратди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ўтган йили Астанада бошланғич олган «ШҲТ плюс» формати Ташкилот кун тартибига уйғун келди. Кўплаб давлатларнинг қизиқиши ортиб бораётган мазкур ташкилот бугунги замоннинг долзарб муаммолари юзасидан самарали мулоҳаза алмашиш майдонига айланиб бормоқда.
“Дунёдаги хавотирли жараёнларни инобатга олсак, бунинг аҳамияти жуда катта. Хавф-хатарлар барчангизга маълум. Бу масалани яна такрорлашнинг ҳожати йўқ. Бироқ бир жиҳатни алоҳида таъкидлашни истайман. Мазкур ҳолатнинг сабаби ва оқибати ўхшаш: ўзаро ишонч ва жаҳон тартибининг келажагига масъулият йўқлиги, кўп томонлама дипломатия ҳамда халқаро ташкилотларнинг салоҳиятини етарлича баҳоламаслик ана шундай вазиятни юзага келтирди. Бир нарса аниқ: ҳеч бир мамлакат бугунги хавф-хатарларни ёлғиз ўзи енгиб ўта олмайди. Менинг фикримча, бундай оғир даврда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг кун тартиби ижодкорона ва ижобий руҳда бўлиши керак. Ташкилот можароларни ҳал қилишга, дунёни асраб қолишга ва давлатларнинг барқарор тараққиётига йўл очадиган глобал мулоқотни кучайтиришга қаратилган стратегик қарорларни ишлаб чиқиши зарур”, – деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг фикрича, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш орқали қуролли тўқнашувларнинг кучайишига йўл қўймаслик зарур.
“Яқин кунларда биз икки тарихий сана – Иккинчи жаҳон уруши тугаганига ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилганига 80 йил тўлишини нишонлаймиз. Хитой коммунистик партияси раҳбарлигида улуғ хитой халқи япониялик босқинчиларга қарши урушда қозонган ғалабасига Қозоғистонда самимий ҳурмат билан қаралади. Квантун армиясини тор-мор қилиш Иккинчи жаҳон урушига нуқта қўйган дейиш мумкин. Бунда Ялта конференцияси қарорларига мувофиқ Совет Иттифоқи армияси ҳам иштирок этган эди. Қонли майдонларда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлди. Шу боис ушбу тантана Ғалабанинг идеологик ва сиёсий жиҳатларига жаҳон ҳамжамияти, айниқса, ёшларнинг эътиборини қаратиш учун муносиб фурсатдир”, – деди Давлат раҳбари.