ҚР Президенти Люксембург Ташқи ишлар вазири Жан Ассельборнни қабул қилди

Қасим-Жомарт Тоқаев Жан Ассельборнга эҳтиром кўрсатар экан, унинг ташрифи кўплаб соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар очаётганини таъкидлади. Давлат раҳбари Люксембург Бош вазири Ксавье Беттель билан БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида бўлиб ўтган музокараларни эслади.
«Ўшанда Қозоғистон ва Люксембург ўртасида ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболлари ҳақида жуда муваффақиятли ва мазмунли суҳбат бўлган эди. Қозоғистон мамлакатингизни ва халқингизни ҳурмат қилади. Биз ўзаро ҳамкорлигимиз келажагига ишонамиз», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Учрашувда транспорт ва логистика, рақамлаштириш, «яшил» энергия соҳаларида, шунингдек, Аствана халқаро молия маркази доирасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Жан Ассельборн икки давлат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланаётганини таъкидлади.
«Бугун эрталаб биз иккита англашув меморандумини имзоладик. Маълумки, Cargolux ҳозирда Қозоғистонга ҳафтасига 21 та рейсни амалга оширади. Люксембург ҳам мультимодаль марказ ҳисобланади. Бу борада Астана аэропорти биз учун жуда муҳим нуқтадир. Люксембург компанияси ушбу йирик қўшма лойиҳани амалга оширишга қодир эканидан миннатдорман. Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири билан иккинчи ўзаро англашув меморандумини имзоладик», — деди вазир.
Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Жан Ассельборн халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.