ҚР Президенти “ҚазМунайГаз” бошқаруви раиси Асхат Хасеновни қабул қилди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари “ҚазМунайГаз” МК” АЖ бошқаруви раиси Асхат Хасеновни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Президентга миллий компаниянинг ўтган йилги фаолияти юзасидан ҳисобот берилди.
Асхат Хасеновнинг сўзларига кўра, “ҚазМунайГаз” компаниялар гуруҳи ўтган йили нефть ва конденсат қазиб олиш ҳажмини 23,8 миллион тоннага етказган. Бу 2023 йилга нисбатан 1,3 фоизга кўпдир. Нефть қазиб олиш даражасини сақлаб қолиш учун технологик муаммолар дастури амалга оширилмоқда. Лойиҳада ҳар бир конда нефть қазиб олиш ҳажмини оширишда табақалаштирилган усуллардан фойдаланиш назарда тутилган.
Қасим-Жомарт Тоқаевга “Қаламқас-тенгиз” лойиҳасини ишлаб чиқиш бошлангани ҳақида сўзлаб берилди. Унинг қиймати 6,4 миллиард долларни ташкил қилади. Ўтган йили Торғай Палеозой, Қаратон Подсолевой, Қаражар ва Тайсойған қудуқларида бурғулаш ишлари бошланди. Уларнинг нефть захиралари 800 миллион тоннадан ошади.
Давлат раҳбарига ўтган йили нефтни ташиш ҳажми 2023 йилга нисбатан 4 фоизга ошиб, 83,6 миллион тоннани ташкил этгани маълум қилинди.
2024 йилда маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводлари 17,44 миллион тонна нефтни қайта ишлади. Ички бозорни таъминлаш мақсадида 2023 йилга нисбатан енгил турдаги нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 370 минг тоннага ошириш чоралари кўрилди.
“ҚазМунайГаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маълум қилишича, «CASPI BITUM» масъулияти чекланган жамиятида битум ишлаб чиқаришни йилига 750 минг тоннага етказиш лойиҳаси бошланган. Полиэтилен ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши бошланди. Нархи 7,4 миллиард долларга баҳоланган корхона йилига 1 миллион 250 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин.
Манғистау вилоятида сувни чучуклантириш заводи қурилмоқда. Мазкур корхона Жанаўзен шаҳри аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлайди. 247 МВт қувватга эга гибрид электр станцияси ҳам қурилмоқда.
Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаевга ҳудудларда ижтимоий лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳақида маълумот берилди.
Йиғилиш якунида Президент геология-қидирув ишлари, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, нефть-газ кимёсини ривожлантириш билан боғлиқ ишларни тизимли равишда давом эттириш бўйича топшириқлар берди.