ҚР Президенти БМТнинг Қуролсизланиш бўйича олий вакилини қабул қилди
ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев БМТ Бош котиби ўринбосари, Қуролсизланиш масалалари бўйича олий вакил Изуми Накамицуну қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Учрашувда Қозоғистоннинг БМТ институтлари билан минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш, қуролсизланиш ва ядро қуролини тарқатмаслик соҳасидаги ҳар томонлама ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари БМТ Бош котиби ўринбосарига ўз миннатдорчилигини билдириб, Ташкилот бугунги куннинг долзарб муаммоларини ҳал этишда алоҳида ўрин тутаётгани ва унинг ўрнини ҳеч бир тузилма боса олмаслигини таъкидлади.
“Қозоғистоннинг қуролсизланиш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик борасидаги позицияси қатъий. Замонавий дунёда содир бўлаётган воқеалар нуқтаи назаридан, бу масалалар янада долзарб ва муҳим бўлиб қолди. Бу, албатта, ташвишга сабаб бўлади. Эртага биз Халқаро Ядровий синовларга қарши ҳаракат кунини нишонлаймиз. Бу бутун инсониятга ядровий синовлар ўтказиш ва ядро қуролидан фойдаланиш хавфини эслатувчи жуда муҳим санадир. Мамлакатимиз БМТ институтлари билан яқин алоқалар ўрнатишга қатъий қарор қилди ва ташкилотга ўзига хос, универсал халқаро тузилма сифатида қарайди”, – деди Президент.
Изуми Накамицу Қозоғистоннинг ядро қуролини тарқатмаслик бўйича глобал жараёндаги етакчилигини юқори баҳолади. Шунингдек, у мамлакатнинг ўрта куч сифатидаги роли ортиб бораётганини таъкидлади.
Учрашувда Қасим-Жомарт Тоқаев ва Изуми Накамицу халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.