ҚР Президенти «Батил тойтарис-2023» ҳарбий ўқув лагерини томоша қилди

ҚР Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Қасим-Жомарт Тоқаев раҳнамолигида «Жағалау» полигонида «Батил тойтарис-2023» стратегик қўмондонлик-штаб ҳарбий ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтди.
Қасим-Жомарт Тоқаев ўқув-машғулот йиғинини кузатиш минорасидан туриб кузатди.
Ҳарбий усулларни кўрсатишдан аввал генерал-майорлар Болат Жорабаев ва Алмаз Жумакеев Давлат раҳбарига махсус операциялар бўлинмалари ва ҳаво-десант қўшинларининг мудофаа амалиёти давомидаги ҳаракатлари ҳақида маълумот берди.
Авиация томонидан қўллаб-қувватланган десант-ҳужумчи қўшинларининг бригада-тактик гуруҳлари, шунингдек, Қуруқликдаги қўшинлар ва Махсус операция қўшинлари бўлинмалари сувдан ўтиб, қарама-қарши қирғоқдаги душман чизиғини эгаллаб олиш бўйича тактик ҳаракатларни амалга оширди.
Миллий гвардиянинг махсус операциялар кучлари ва бўлинмалари душман қўлига ўтган Қапшағай ГЭСини озод қилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бошқармалари техноген офат оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланиб, аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш вазифасини бажарди.
Қуролли Кучлар Бош штаби томонидан ишлаб чиқилган ягона режа ва мақсадга мувофиқ, ўқув-машғулот йиғини ўтказиладиган ҳудудларда қўшинлар стратегик жиҳатдан қайта гуруҳланди.
Хусусан, Ҳарбий-денгиз флоти авиация ва махсус операциялар кучлари кўмагида Каспий денгизи акваториясидаги хўжалик фаолияти объектлари хавфсизлигини таъминлади.
Худди шундай ўқув ва жанговар топшириқлар Алмати, Қарағанди, Шимолий Қозоғистон ва Абай вилоятларидаги полигонларда ҳам бажарилди.