ҚР Президенти Бақтиқожа Измухамбетовни қабул қилди
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Мажилис депутати, “Фахрийлар ташкилоти” республика жамоат бирлашмаси раиси, Миллий қурултой аъзоси Бақтиқожа Измухамбетовни қабул қилди.

Давлат раҳбарига “Фахрийлар ташкилоти” республика жамоат бирлашмаси фаолияти ҳақида маълумот берилди. Бақтиқожа Измухамбетовнинг айтишича, ҳозирда 2 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Хусусан, “Данекер” ташаббуси илгари сурилди. Натижада сўнгги 4 йилда 6896 та низонинг 4563 тасида томонлар ишни судга етказмасдан келишувга эришган. Айни пайтда Атирау, Шимолий Қозоғистон ва Қизилўрда вилоятларида эҳтиёжманд фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган “Бизнес ва меҳр” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Президентга “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлашда фахрийлар фаол иштирок этаётгани маълум қилинди. Сув тошқинларига қарши кураш жараёнида аҳолини хотиржамликка чақириб, тушунтириш ишлари олиб борилди.
Йиғилишда Давлат раҳбарига нефть-газ, қишлоқ хўжалиги, ҳудудларда озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш, дин масаласига оид таклифлар билдирилди.