ҚР Президенти Алмати шаҳри ҳокимини қабул қилди

Президентга шаҳарни реконструкция қилиш ва жабрланган тадбиркорларга компенсация тўлаш чоралари ҳақида маълумот берилди. Ерболат Досаевнинг сўзларига кўра, Давлат раҳбарининг топшириғи ижроси доирасида тадбиркорлик субъектларига шошилинч ёрдам кўрсатишнинг соддалаштирилган механизми бўйича тўловлар миқдори 10 миллион тенгега оширилган. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддати икки баробарга қисқартирилди - 1 ойдан 2 ҳафтагача. Шаҳар ҳокими ҳозирда рўйхатдан ўтган 1413 нафар тадбиркордан 755 нафарига товон пули тўлангани, 10 мартгача кичик ва ўрта бизнес субъектлари мурожаатларининг 90 фоизи кўриб чиқилишини маълум қилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари ҳақида сўзлаб берилди.
Президентга шаҳар соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, мактабларда ўринлар етишмаслигини камайтириш масалалари ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунлари бўйича Қасим-Жомарт Тоқаев шаҳарни реконструкция қилиш ва тадбиркорлик субъектларига компенсация тўлаш бўйича ишларни фаоллаштириш, коммунал тармоқларни модернизация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, эски ва авария ҳолатидаги уй-жойлар сонини камайтириш учун уй-жой фондини реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратиш бўйича топшириқлар берди.