ҚР Иқтисодиёт вазирлиги: 112 овулда қўшимча мактаб ва шифохоналар қурилади

Миллий иқтисодиёт вазирлиги раҳбари Алибек Қуантировнинг сўзларига кўра, Давлат раҳбари топшириғига биноан, «Овул – Ел бесиги» дастури бўйича мактаблар, касалхоналар, дам олиш марказлари ва спорт иншоотлари каби ижтимоий объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ғарбий ва жанубий вилоятларга қўшимча 20 миллиард тенге ажратиш кўзда тутилган.
Миллий иқтисодиёт вазирлиги ғарбий ва жанубий вилоятлар (Ақтўбе, Алмати, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Жамбил, Қизилўрда, Манғистау, Туркистон) ҳокимликларининг таклифи билан умумий қиймати 20 миллиард тенге бўлган 130 та лойиҳа рўйхатини тузди. Шундан 9,6 миллиард тенге ғарбга, 10,4 миллиард тенге жанубга тўғри келди.
«2022 йилда ғарбий ҳудудда 8 та тиббиёт, 15 та таълим, 14 та спорт ва 15 та маданият масканлари қурилади ва модернизация қилинади. Жанубда 26 та тиббиёт, 23 та таълим, 14 та спорт ва 15 та маданият объектлари қурилади», - деди вазир.
Сўз якунида Алибек Қуантиров ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатнинг ғарбий ва жанубий вилоятларидаги 112 овул аҳоли пунктида истиқомат қилаётган 500 мингдан ортиқ овул аҳолисига сифатли тиббий, таълим, спорт ва бошқа хизматлар кўрсатишни таъминлашини таъкидлади.