ҚР Бош вазири ва АҚШ элчиси икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилди

ҚР Ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, Қозоғистон АҚШни икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги стратегик ҳамкор деб билади.
Бугунги кунда Қозоғистон Республикасида 900 дан ортиқ қўшма корхоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда.
«Биз кенг кўламли ўзаро ҳамкорлик кун тартибида Америка Қўшма Штатлари билан илгари самарали ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш ниятидамиз», – деди Алихан Смаилов.
Ўтган йили мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 40 фоизга ошиб, 3,1 миллиард долларга етди.
Шу билан бирга, Қозоғистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада оширишга, 800 миллион долларлик 90 турдаги товарларни экспорт қилишга тайёр.
АҚШ Қозоғистонга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланади.
Ўтган йили Америка сармояси қарийб икки баравар кўпайди ва 5,1 миллиард доллардан ошди. Бу кўрсаткич пандемиядан олдинги рекорд даражага тенг.
Ўз навбатида, Дэниел Розенблюм умумий манфаатларга асосланган Қозоғистон-Америка муносабатларини янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
«Биз сармоявий кўрсаткичларни мустаҳкамлаш ва ўзаро савдони оширишни хоҳлаймиз. АҚШ компаниялари Қозоғистонда турли соҳалардаги фаолият доирасини кенгайтиришдан манфаатдор. Бу кон-металлургия мажмуаси, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, ахборот-коммуникация ва яшил технологиялар, шунингдек, транспорт соҳасига тааллуқлидир», – деди Дэниел Розенблюм.
Шунингдек, у ёзда турли соҳаларда фаолият юритувчи 20 га яқин Америка компанияси Қозоғистонга ишбилармонлик мақсадида ташриф буюришни режалаштираётганини айтди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича мулоқотни фаол давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.