Қозоғистоннинг 36 та корхонаси Европага органик маҳсулотлар экспорт қилмоқда – вазир

ASTANА. Кazinform — ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров Италия Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Антонелло Де Риу билан учрашув ўтказди. Томонлар агросаноат мажмуасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Қозоғистоннинг 36 та корхонаси Европага органик маҳсулотлар экспорт қилмоқда – вазир
Фото: ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Айдарбек Сапаров қишлоқ хўжалиги соҳаси Қозоғистон-Италия ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.

— Қишлоқ хўжалиги товар айирбошлаш ҳажмининг изчил ўсиб бораётгани мамлакатларимиз иқтисодиётининг юксак салоҳиятидан далолат беради. Биз агробизнес соҳасида экспорт ҳажмини ошириш, сармоя жалб этиш, технологиялар алмашинувидан манфаатдормиз. Айни пайтда органик қишлоқ хўжалигимиз жадал ривожланмоқда. Махсус қонун қабул қилинди ва бугунги кунда Қозоғистоннинг 36 та корхонаси Европага органик маҳсулотлар экспорт қилмоқда. Биз бу йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрмиз, — деди вазир.

2025 йилнинг январь-апрель ойларида Қозоғистон ва Италия ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмаси 105,9 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 59 фоизга ўсди. Қозоғистон экспортининг асосий позицияларида сезиларли ўсиш кузатилмоқда: буғдой – 47%, дуккакли экинлар – 103 баробар, кунгабоқар – 100%.

Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг Европа Иттифоқи стандартларига мувофиқлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Айдарбек Сапаров бугунги кунда 20 та маҳаллий корхона Европа Иттифоқига, жумладан, Италияга балиқ маҳсулотларини экспорт қилиш учун рухсатнома олганини таъкидлади. Шунингдек, 2025 йил март ойида Қозоғистон Европа Иттифоқига асал экспорт қилиш учун расмий рухсат олди. Аквакультура ва от гўшти етказиб бериш бўйича Европа комиссияси билан музокаралар олиб борилмоқда.

Антонелло Де Риу Италия бизнесининг Қозоғистонга юқори қизиқишини тасдиқлади ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

— Италия ҳукумати Қозоғистон билан ҳамкорликка катта аҳамият беради. Сиёсий мулоқотдан ташқари, иқтисодий алоқалар ҳам ривожланмоқда, бунда агросаноат соҳаси муҳим ўрин тутади, — деди Элчи.

Учрашувда қатор истиқболли лойиҳалар, хусусан, Италиянинг Tramite Group компаниясининг помидорни қайта ишлаш заводи, беда пеллетлаш заводи, 20 минг тонна сақлаш сиғимига эга мева қуритиш ва музлатиш заводи, 10 минг тонна сиғимга эга совутгич мажмуасини қуриш кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг экспорт ҳажми 80 миллиард доллардан ошгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар