17:26, 19 Декабрь 2022 | GMT +5
Қозоғистоннинг 20 та шаҳрида 5G мобил алоқа тармоғи ишга туширилади
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин мамлакатда интернет сифатини яхшилаш бўйича янги миллий лойиҳа ишлаб чиқилаётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Kazinform мухбири.

«Миллий лойиҳа доирасида аҳоли пунктлари ва автомобил йўлларини кенг полосали интернет билан таъминлаш, сифатини ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Лойиҳадан кўзланган мақсад телекоммуникация инфратузилмасини 100 Мбит/с интернет тармоғига улашдан иборат»
, — деди Бағдат Мусин Парламент Мажилисидаги ҳукумат соатида.
Унга кўра, 2027 йилда уй тармоқларига кенг полосали интернетга уланиш даражаси республика бўйича 100 фоизга, шунингдек, 5G технологияси 75 фоизга етказилади. Иқтисодиётда эса ялпи ички маҳсулотдаги алоқа индекси 2 фоизга етади.
«Миллий лойиҳа доирасидаги асосий тадбирлардан бири 3 минг аҳоли пунктига оптика етказиб беришдир. Жаҳон банки билан биргаликда кичик ва ўрта операторларни интернет етказиб беришни субсидиялаш, яъни уларнинг харажатларини қоплаш учун махсус грантлар ажратамиз»
, — деди вазир.
Навбатдаги тадбир республика ва минтақавий автомобил йўлларига оптик тола тортишдир.
«Ушбу инфратузилма асосида йўл бўйлаб кенг полосали мобил интернет, яъни 4G тақдим этилади. 20 та шаҳарда 5G мобил алоқа тармоқларини жорий этиш ва қуриш ишлари амалга оширилади. Мамлакат операторларини 4G ва 5G технологияларига сармоя киритишни рағбатлантириш мақсадида уларнинг тўлов ставкаларини нолга тушириш чоралари кўрилмоқда. Шу муносабат билан 2027 йилгача мамлакатимиз ҳудудида 3500 дан ортиқ база станциялари ўрнатилади»
, — деди Бағдат Мусин.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов