Қозоғистонлик ўқитувчилар халқаро лойиҳа ғолибларига айланди
ASTANA. Kazinform — Н. Бекбосинов номидаги Манғистау энергетика коллежининг махсус фан ўқитувчилари Досан Қарашаев ва Айнур Ондаханова нуфузли «ETF Green Skills Awards 2025» халқаро лойиҳаси ғолибларига айланди, деб хабар беради ҚР Таълим-маориф вазирлиги матбуот хизмати.
Танлов Европа таълим жамғармаси (European Training Foundation — ETF) томонидан ташкил этилди. Ўқитувчилар "Яшил технологияларни ривожлантиришда замонавий таълим дастурларининг роли" мавзусидаги ўзларининг муаллифлик лойиҳаларини тақдим этдилар ва таълим жараёнида қайта тикланадиган энергия манбаларини самарали жорий этишнинг долзарб масалаларини, шунингдек, бўлажак мутахассисларнинг экологик компетенциясини оширишни ҳар томонлама асосладилар.
«Халқаро лойиҳада дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларидан 250 дан ортиқ номзод иштирок этди ва танлов бир неча босқичда ўтказилди. Барча босқичлардан муваффақиятли ўтиб, Манғистаулик ўқитувчилар ўз лойиҳаларини халқаро экспертлар олдида юқори профессионал даражада ҳимоя қилишди ва натижада энг яхши бешта лойиҳа қаторига киришди”, — деб хабар берди вазирлик.
Ғолибларни тақдирлаш маросими Италиянинг Турин шаҳрида бўлиб ўтди. Тантанали тадбир Турин политехника университетида ташкил этилган "Европа Иттифоқи-Италия энергетика кунлари: энергия ўтишини таъминлаш ва мустаҳкамлаш бўйича янги ҳаракатлар" халқаро конференцияси доирасида бўлиб ўтди. Бу йилги маросим «Green Skills» мукофотининг беш йиллигига бағишланди.