Қозоғистонлик талаба халқаро мусобақада бронза медалини қўлга киритди
ASTANA. Kazinform — Туркистон вилоятидаги Кентау кўп тармоқли коллежи талабаси халқаро мусобақада совринли ўринни эгаллади. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Коллежнинг "Бино ва иншоотларни қуриш ва улардан фойдаланиш" ихтисослиги бўйича 2-курс талабаси Рисхан Ақмарал Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб ўтган халқаро танловда 3-ўринни эгаллади.

Танлов "Тасвирий санъат ва безак ишлари" ихтисослиги бўйича ташкил этилди ва халқаро дўстона учрашув доирасида ўтказилди. Унда Венгрия, Италия, Чехия, Қозоғистон ва Буюк Британиядан келган иштирокчилар иштирок этидилар. Танлов давомида иштирокчилар ўзларининг профессионал маҳорати, ижодий қобилиятлари ва тайёргарлик даражасини намойиш этдилар. Рисхан Ақмарал назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириб, топшириқларни сифатли ва ўз вақтида бажарди ва мутахассислардан юқори баҳо олди.

Эслатиб ўтамиз, Ақмарал илгари Туркистон вилоят чемпионатида ушбу йўналиш бўйича биринчи ўринни эгаллаган ва республика босқичига йўлланма олган эди. Шунингдек, у WorldSkills Kazakhstan 2025 республика чемпионатининг олтин медали совриндори ва RegionSkills 2024–2025 чемпионатлари ғолибидир. Ҳозирда талаба WorldSkills Shanghai 2026 халқаро чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.