Қозоғистонлик икки ёш теннисчи энг яхши хорижлик ўйинчи деб топилди
Tennis Europe сериясида қозоғистонлик Ева Коришева ва Даниэль Тазабеков 2023 йилнинг энг яхши хорижлик ўйинчилар деб топилди, деб хабар беради Каzinform.

Қозоғистон теннис федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, 14 ёшли Ева ва 16 ёшли Даниэль Европа теннис ассоциациясининг (Tennis Europe Tour) “Йилнинг энг яхши ўйинчиси” мукофотини (Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатлардан) топширишди.
Е.Коришева йилни Истанбул турнирида ғалаба билан бошлади. Кейин Бельгияда бўлиб ўтган биринчи тоифадаги мусобақада муваффақият қозонди. Ева йилни теннис бўйича Европа рейтингида яккалик баҳсларида 18-ўрин билан якунлади. У рекорд даражадаги 24 ғалаба ва 5 мағлубият (83 фоиз) қайд этди. Шунингдек, у икки марта жуфтлик чемпионлигини қўлга киритди.
Тазабеков Tennis Europe доирасида еттита турнирда қатнашиб, доимий юқори натижаларга эришди. Натижада йил якунига кўра 20-ўринга кўтарилди. Унинг рекорди 15 ғалаба, 7 мағлубият (68 фоиз). Бу йил у Испаниянинг Авилес шаҳридаги Apple Bowl ва Италиядаги Толентино турнирларида (иккаласи ҳам биринчи тоифа) жуфтлик баҳсларида икки марта муваффақият қозонди.
Ўтган йили Занғар Нурланули, 2021 йилда Зара Даркен бу мукофотга сазовор бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дмитрий Попко Туркиядаги танловда ғолиб бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Муаллиф: Ғайсағали Сейтақ