Қозоғистонда ёзда қанча жуфтлик турмуш қургани маълум бўлди
ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда йил бошидан бери 74 мингдан ортиқ никоҳ расмий рўйхатдан ўтказилди. Айниқса, ёз ойларида қозоғистонликлар оила қуришга фаол киришган.
Қозоғистонда ҳар йили сентябрь ойининг иккинчи якшанбасида Оила куни нишонланади. Ушбу муҳим сана арафасида «Фуқаролар учун ҳукумат» давлат корпорацияси мамлакатда никоҳ тузиш статистикасини эълон қилди.
2026 йилнинг январь-август ойларида Қозоғистонда 74 648 та никоҳ расмий равишда қайд этилди. Айниқса, ёз ойларида оила қурган жуфтликлар сони кўп бўлди. Ёзнинг уч ойи давомида 38 мингдан ортиқ жуфтлик никоҳини расмийлаштирди.
“Ёзда энг кўп никоҳ қайд этилган ой — июнь. Бу ойда 15 мингдан ортиқ никоҳ рўйхатдан ўтказилди. Август ойида 11 761 та, июль ойида эса 11 674 та жуфтлик оила қуриб, ҳаётларининг янги босқичига қадам қўйди”, — дейилади хабарда.
Янги оилалар сони бўйича Алмати шаҳри етакчилик қилмоқда — бу ерда 12 344 та никоҳ қайд этилган. Кейинги ўринларда 9 074 та қайд этилган никоҳ билан Астана шаҳри ва 5 611 та никоҳ битими билан Туркистон вилояти қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, никоҳ тузиш ҳақидаги аризани ФҲДЁ органи орқали, электрон ҳукумат портали ёки иккинчи даражали банкларнинг мобил иловалари орқали бериш мумкин.