Қозоғистонда яна 42 та қишлоқ мактаби Starlink тизимига уланади

PAVLODAR. Kazinform – Ҳозирги пайтда Starlink тизими 33 та қишлоқ мактаби учун мавжуд. Павлодар вилояти бўйича эса 10 та қишлоқда алоқа, 7 та қишлоқда интернет йўқ.

Starlink
Коллаж: Kazinform

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, ҳудуддаги 352 та қишлоқ аҳоли пунктидан 342 таси (97,1%) мобиль алоқа билан, 343 та қишлоқ (97,4%) эса мобиль ва стационар интернет билан таъминланган. Шунга қарамасдан, 10 та қишлоқда умуман алоқа йўқ, 7 тасида эса интернет мавжуд эмас. Интернетсиз қолган жойлар – техник жиҳатдан амалга ошириш учун қўшимча ечимлар талаб этиладиган кичик ва олис жойлашган аҳоли пунктларидир.

“Қишлоқ мактабларини интернетга улаш ишларига алоҳида эътибор қаратилаяпти. 2024 йили 33 та мактаб Starlink тизими орқали интернет билан жиҳозланди. Яна 42 та мактаб янги ўқув йили бошида уланади. Барча мактабларни 1 сентябргача улаш режалаштирилган”, – деб хабар қилди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Бундан ташқари, «Қулай интернет» миллий лойиҳаси доирасида толали-оптик алоқа тармоқларини қуриш фаол олиб борилмоқда. 2027 йилга қадар вилоятнинг 207 та қишлоғини қамраб олиш режалаштирилган. Олис ва кам аҳоли яшайдиган ҳудудларда KazSat, OneWeb ва Starlink спутник технологиялари асосида муқобил ечимлар жорий этилмоқда.

Сўнгги хабарлар