Қозоғистонда тоза кўмир энергетикаси жадал суръатлар билан ривожланиши керак - Қанат Бозимбаев
ASTANА. Кazinform — ҚР Бош вазири ўринбосари Қанат Бозимбаев кўмир энергетикасини ривожлантиришни молиялаштириш имкониятларига изоҳ берди.

— Давлат раҳбари жорий йилги Мурожаатномасида тоза кўмир ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Умуман олганда, Хитой бу борада катта тажрибага эга. Бу мамлакатда экспорт (бошқа мамлакатлар лойиҳалари) кўринишидаги лойиҳаларни молиялаштиришда маълум чекловлар мавжуд, бироқ бу асосан давлат компанияларига тегишли. Бу мамлакатнинг хусусий компаниялари, жумладан, ЕРС-пудратчилари, шунингдек, асбоб-ускуналар бўйича катта тажрибага эга. Хусусан, уларнинг молиявий имкониятлари ҳам бор. Чунки улар дунёнинг турли мамлакатларида ишламоқда ва молиялаштириш манбаларига эга, — деди Қ.Бозимбаев Астанада коммунал соҳаларни модернизация қилишга бағишланган форумда журналистлар саволларига жавоб берар экан.
Шунингдек, у Қозоғистондаги ривожланиш институтлари ҳам кўмир энергетикасини ривожлантириш билан шуғулланиши мумкинлигини айтди. Мамлакатда тараққиёт институтлари ҳам тайёрланиб, бу борада молиялаштириш масаласини кўриб чиқади.
— Менимча, кўмир энергетикаси (илғор технологиялар орқали) жадал суръатларда ривожланиши керак. Бу борада ҳам Хитой, ҳам бизнинг молиялаштиришни кўриб чиқиш мумкин, — деди Бош вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев бу йилги Мурожаатномасида Қозоғистонда юқори сифатли кўмирнинг улкан захиралари мавжудлиги, шу боис кўмир энергетикасини унинг атроф-муҳитни ифлослантирмаслигини кафолатлайдиган илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Қозоғистон энг йирик кўмир қазиб олувчи ўнталикка киради.