Қозоғистонда темир йўл вокзалларининг қиёфаси қандай ўзгаради
ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда 124 та темир йўл вокзали модернизация қилинмоқда. Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, ишлар фақат биноларнинг ташқи ва ички қисмини таъмирлаш билан чекланмайди. Модернизация жараёнида вокзаллар йўловчилар учун янада хавфсиз ва қулай бўлиши учун янгиланади.
Вокзалларда нималар ўзгаради
Модернизация жараёнида вокзаллар йўловчилар учун хавфсиз ва қулай бўлиши, шунингдек, сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида замонавий талабларга мос равишда янгиланади.
“Модернизация доирасида вокзалларнинг фасадлари ва ички қисмлари янгиланиб, замонавий кутиш заллари жиҳозланади. Йўналишларни кўрсатувчи белгилар, санитария хоналари ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш жойлари такомиллаштирилади. Ҳаракати чекланган фуқаролар учун тўсиқсиз муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун тактил йўналтириш тизимлари, махсус мослаштирилган санитария хоналари ва бошқа зарур шароитлар яратилади”, — деди ҚР Транспорт вазири ўринбосари Жанибек Тайжанов.
Шунингдек, муҳандислик тармоқлари ва ёритиш тизимлари янгиланиб, йўловчиларга ахборот бериш учун мўлжалланган жиҳозлар ҳам замонавий талабларга мослаштирилади. Вокзалларда хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳам режалаштирилган.
Вазирлик тушунтиришича, асосий мақсад фақат вокзалларнинг ташқи қиёфасини янгилаш эмас, балки йўловчиларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ҳам яхшилашдан иборат. Шу тариқа, вокзаллар хавфсиз ва қулай бўлиб, барча йўловчилар учун бирдек очиқ ва қулай бўлиши керак.
Темир йўл вокзалларини янгилашга нима сабаб бўлди
Бир неча ўн йил аввал қурилган вокзалларни текшириш жараёнида бир қатор умумий муаммолар аниқланган. Кўп ҳолларда бинолар ва муҳандислик тармоқлари эскирган, ички режалаштириш замонавий талабларга жавоб бермайди, айрим хоналардан самарали фойдаланиш имконияти чекланган.
Бундан ташқари, қатор вокзалларда йўловчиларга йўл топишни осонлаштирувчи белгилар ва ахборот тизимларини такомиллаштириш, ҳаракати чекланган фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш зарурати юзага келган.
Шу билан бирга, барча вокзалларнинг ҳолати бир хил эмас. Уларнинг техник ҳолатига бинонинг қачон қурилгани, қайси ҳудудда жойлашгани, вокзалнинг тоифаси ва йўловчилар сони таъсир кўрсатади.
“Ҳар бир вокзал бўйича қарор унинг техник ҳолати ва фойдаланиш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида қабул қилинади”, — деди вазири ўринбосари.
Барча вокзалларнинг меъморий кўриниши бир хил бўладими
124 та вокзалнинг барчасини ягона намуна асосида қуриш режалаштирилмаган.
Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, модернизация қилинадиган объектларга хавфсизлик, қулайлик, йўловчилар ҳаракатини ташкил этиш, санитария ҳолати ва навигация бўйича умумий талаблар қўйилади. Биноларнинг меъморий кўриниши ва ички қиёфаси эса турлича бўлиши мумкин.
Бу вокзалнинг тоифаси, техник ҳолати, йўловчилар сони, бинонинг хусусиятлари ва у жойлашган аҳоли пунктига қараб белгиланади.
Демак, модернизация қилинган вокзалларнинг барчаси ташқи кўриниши жиҳатидан бир-бирига ўхшамаслиги мумкин. Бироқ хавфсизлик, хизмат сифати ва қулайликка қўйиладиган талаблар барча учун умумий бўлади.
Вокзаллар кўпроқ йўловчини қабул қила оладими
Лойиҳаларни ишлаб чиқишда нафақат ҳозирги йўловчилар сони, балки келгуси йиллардаги йўловчилар оқими ҳам ҳисобга олинган.
“Ҳар бир объектнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда йўловчилар оқимини самарали ташкил этиш, кутиш заллари майдонини кенгайтириш ёки мавжуд жойдан самарали фойдаланиш, кириш жойлари, кассалар ва бошқа хизмат кўрсатиш ҳудудларини такомиллаштириш кўзда тутилган”, — деди Жанибек Тайжанов.
Шундай қилиб, модернизация вокзалларнинг ташқи қиёфасини ўзгартириш билан чекланмайди. Лойиҳалар келажакда йўловчилар сони кўпайган тақдирда ҳам уларга сифатли хизмат кўрсатиш имконини бериши керак.
124 та вокзални модернизация қилишга қанча маблағ сарфланади
124 та темир йўл вокзалини модернизация қилишнинг умумий қиймати ҳозирча аниқлаштирилмаган.
Транспорт вазирлиги маълум қилишича, ҳар бир объектга сарфланадиган маблағ миқдори лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасидан ўтказилганидан сўнг маълум бўлади. Шунинг учун бутун дастур учун зарур маблағ ва ҳозирга қадар ўзлаштирилган маблағ миқдори лойиҳаларнинг тайёрланиши ва амалга оширилишига қараб босқичма-босқич аниқлаштириб борилади.
Модернизация ишлари якунланганидан сўнг вокзалларнинг нормал ҳолатини сақлаш ишлари амалдаги тартибда олиб борилади. Муҳандислик тизимлари, бинолар ва вокзал атрофидаги ҳудудларга техник хизмат кўрсатилади, зарур ҳолларда таъмирлаш ишлари амалга оширилади.