Қозоғистонда темир йўл орқали дон ташиш ҳажми 9,3 млн тоннага етди

ASTANA. Kazinform - Қозоғистонда донни темир йўл орқали ташишда ижобий динамика сақланиб қолмоқда. 2026 йилнинг саккиз ойи давомида темир йўл орқали 9,3 миллион тонна дон ташилди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 13 фоизга кўп, деб хабар беради Kazinform ҚР Транспорт вазирлигига таяниб.

железная дорога
Фото: Минтранспорта РК

Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг шу даврида дон ташиш ҳажми 8,2 миллион тоннани ташкил этган.

“Янги ҳосил йиғим-терими мавсуми бошланиши билан бир миллион тонна дон ташиб бўлинди. Жорий йил август ойида темир йўл орқали ташилган дон ҳажми 1,1 миллион тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг август ойига нисбатан 35 фоизга ошди. Экспорт ташувларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда. 2026 йилнинг саккиз ойида темир йўл орқали ташқи бозорларга 7,2 миллион тонна дон жўнатилди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 6,3 миллион тонна кўрсаткичдан 14 фоизга кўп”, — дейилади вазирлик хабарда.

Экспорт ташувларининг асосий қисми Марказий Осиё мамлакатларига тўғри келди — 4,8 миллион тонна. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 37 фоизга юқори.

  • Ўзбекистон — 3,6 миллион тонна (+50%)
  • Тожикистон — 1 миллион тонна (+17%)
  • Афғонистон — 655 минг тонна (+4,4 баравар)
  • Хитой — 558 минг тонна (+33%)

Дон ташишни барқарор ва ўз вақтида таъминлаш мақсадида донни темир йўл транспортида ташишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

“Ишчи гуруҳ ташиш жараёнининг барча иштирокчилари фаолиятини мувофиқлаштиради, темир йўл инфратузилмаси ва вагонлар паркининг ташиш ҳажмини оширишга тайёрлигини назорат қилади. Бунда асосий эътибор юклаш ишларини бир маромда ташкил этиш, вагонлар ҳаракатини самарали йўлга қўйиш, шунингдек, уларнинг станцияларда тўпланиб қолиши ва бекор туриб қолишининг олдини олишга қаратилади”, — дея қўшимча қилди Транспорт вазирлиги.