Қозоғистонда таҳсил олаётган хорижий талабалар сони 35 мингдан ошди
ASTANА. Кazinform — 2025-2026 ўқув йилида Қозоғистон олий таълим муассасаларида дунёнинг 88 мамлакатидан 35 075 нафар хорижий талаба таҳсил олди.
Бу кўрсаткич аввалги ўқув йилига нисбатан 11% га юқори. Хорижий талабалар сонининг кўпайиши Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги таълим маркази сифатида халқаро жозибадорлигининг ортиб бораётганидан далолат беради.
Олий таълимнинг халқаро рақобатбардошлигини ошириш Қозоғистон Республикасининг 2023-2029 йилларга мўлжалланган олий таълим ва фанни ривожлантириш концепциясининг устувор йўналишларидан биридир. Давлат раҳбарининг топшириқларига мувофиқ, 2029 йилга келиб мамлакатда таҳсил олаётган хорижий талабалар сонини 100 мингга етказиш режалаштирилган.
Қозоғистонда ўқишга бўлган қизиқишнинг ортишига таълим хизматларининг арзонлиги, мамлакатнинг қулай географик жойлашуви, инглиз тилидаги таълим дастурларининг кенгайиши, шунингдек, тиббиёт, муҳандислик ва ахборот технологиялари соҳаларидаги мутахассисларга бўлган юқори талаб ёрдам беради.
Бугунги кунда Қозоғистонда 30 дан ортиқ хорижий университетларнинг филиаллари, жумладан, Cardiff University, Coventry University Kazakhstan, шунингдек, АҚШ, Жанубий Корея, Италия, Россия, Хитой, Франция ва бошқа мамлакатлар университетлари фаолият юритмоқда. Уларнинг фаолияти кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, академик ҳамкорликни кенгайтириш ва маҳаллий олий таълим тизимининг халқаро интеграциясини мустаҳкамлаш имконини беради.
100 минг хорижий талабаларни жалб қилиш стратегик мақсадига эришиш учун инглиз тилидаги таълим дастурларини ривожлантиришга, университет инфратузилмасини модернизация қилишга, талабалар ётоқхоналари тармоғини кенгайтиришга, шунингдек, хорижий талабаларнинг ўқиши ва яшаши учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таълим хизматлари экспортини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар Қозоғистоннинг глобал олий таълим маконида рақобатбардошлигини оширишга ва мамлакатимизнинг минтақадаги етакчи академик марказлардан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва Ўзбекистон таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.