Қозоғистонда сувни кам талаб қиладиган янги шоли нави яратилди
ASTANA. Kazinform — И.Жақаев номидаги Қозоғистон шоличилик илмий тадқиқот институти Қизилўрда вилоятида шолининг янги навини синовдан ўтказмоқда, дея хабар беради Kazinform ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлигига таяниб.

Институт мутахассислари томонидан яратилган «Сыр Сұлуы» нави пишиб етиш учун камроқ вақт ва шу тариқа камроқ сув талаб қилади.
Синов натижалари шуни кўрсатдики, шолининг янги нави 105-110 кунда пишиб, юқори ҳосилдор, маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига тўлиқ мослашган. Қишлоқ хўжалигида барча чора-тадбирларга тўғри риоя қилинган ҳолда нав гектарига 80-85 центнердан ҳосил беришга қодир.
Айни пайтда Қизилўрда вилоятида 120-125 кунда пишиб етиладиган Россия шоли навлари етиштирилмоқда.
— Қозоғистоннинг жанубий вилоятларидаги сув хўжалигидаги вазият сувни тежашнинг янги усулларини излаш ва ишлаб чиқиш зарурлигини илгари сурмоқда. Глобал иқлим ўзгаришини ҳисобга олсак, бундай экин навлари мавжуд сувни кўп талаб қиладиган навларга муносиб муқобил бўлиши мумкин. Мазкур илмий иш натижалари қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, шоли майдонларида сув сарфини камайтириш учун ижобий таъсир кўрсатади, – деди И.Жақаев номидаги Қозоғистон шоличилик илмий-тадқиқот институти бошқаруви раисининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Жанузақ Байманов.
Бундан ташқари, илмий-тадқиқот институти Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги билан ҳамкорликда тупроқдаги намликни сақлаб қолишга мўлжалланган Венгриянинг Water Retainer маҳсулотини синовдан ўтказишни давом эттирмоқда. Жорий йилда Алмати, Жамбил, Қизилўрда, Қарағанди, Ақмола вилоятлари ва Жетису вилоятининг суғориладиган ерларида маҳсулотдан амалий фойдаланиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
– Тўртта илмий-тадқиқот институти иштирок этган синовнинг биринчи босқичи маҳсулот шолининг вегетация даврини қисқартириш ва бу орқали сувни сезиларли даражада тежаш имконини беришини кўрсатди. Одатда, шоли 90 кун суғорилади, намликни сақлаб қолиш учун препаратдан фойдаланганда 51 кун суғориш кифоя қилади, – дейди Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги илмий ва инновацион технологиялар бошқармаси директори Лаззат Жусипова.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сув вазирлиги киритган ўзгартиришлар соҳани ривожлантиришнинг барча йўналишларини қамраб олганаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.