Қозоғистонда савдо соҳасига инвестициялар 22,3 фоизга ошди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда савдо соҳаси ва у билан боғлиқ йўналишларга инвестициялар жалб қилишда ижобий динамика сақланиб қолмоқда. 2026 йил январь-июль ойлари якунларига кўра, инвестициялар ҳажми 637,2 миллиард тенгени ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,3 фоизга ошди, деб хабар беради ҚР Савдо ва интеграция вазирлиги.
Ижобий динамика бир қатор ҳудудларда кузатиляпти. Айниқса, Шимолий Қозоғистон ва Қарағанди вилоятлари, Чимкент шаҳри, Қостанай, Абай, Манғистау вилоятлари ҳамда Алмати шаҳрида ўсишнинг юқори суръатлари қайд этилди.
Алмати инвестиция фаоллигининг йирик марказларидан бири бўлиб қоляпти. Етти ой давомида шаҳарга 204,3 миллиард тенге инвестиция жалб эитлди. Туркистон вилоятида ҳам инвестициялар ҳажми сезиларли бўлиб, 88,7 миллиард тенгени ташкил этди.
“Инвестицияларнинг иқтисодий фаолият турлари бўйича таркибида энг катта улуш улгуржи ва чакана савдога тўғри келади – 246,6 миллиард тенге. Турдош йўналишларга ҳам салмоқли инвестициялар йўналтириляпти. Жумладан, молия ва суғурта фаолияти, кўчмас мулкни ижарага бериш ва бошқариш, шунингдек, биноларга хизмат кўрсатиш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш ишларига маблағлар ажратиляпти”, – дейилади вазирлик маълумотида.
Ижобий динамика ишбилармонлик фаоллиги ортиб бораётгани ва савдо соҳасининг инвестициявий базаси кенгайиб бораётганини кўрсатади. Янги инвестициялар савдо инфратузилмасини ривожлантириш, савдонинг замонавий шаклларини кенгайтириш ҳамда тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратишга йўналтирилмоқда.
ҚР Савдо ва интеграция вазирлиги ҳокимликлар билан ҳамкорликда инвестициялар жалб этиш, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва замонавий савдо инфратузилмасини янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича тизимли ишларни давом эттирмоқда.