Қозоғистонда ногиронлик нафақаларини тайинлаш тўлиқ автоматлаштирилди
Меҳнат вазирлиги «Ногиронлик бўйича давлат ижтимоий нафақаси» давлат хизматини фаол кўрсатиш жараёнида инсон омилини бутунлай олиб ташлади, бу эса уни кўрсатиш муддатини 1 иш кунигача қисқартириш имконини берди.
Бунгача ушбу хизмат «Фуқаролар учун ҳукумат» давлат корпорацияси нотижорат ташкилоти ходимлари иштирокида кўрсатилиб келинди ва уни кўрсатиш муддати 8 иш кунини ташкил этди.
Жорий йилнинг февраль ойида мазкур нафақани тайинлаш учун аризани кўриб чиқиш автоматлаштирилиб, 4 иш куни ичида хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.
Кейинги босқич инсон омилини тўлиқ бартараф этиш бўлди – май ойи бошидан ногиронлик бўйича ижтимоий нафақалар тайинлаш Меҳнат вазирлиги ахборот тизимлари орқали амалга оширилмоқда, бу эса хизмат кўрсатиш муддатини яна 1 иш кунига қисқартириш имконини берди.
244 нафар хизмат олувчи янги соддалаштирилган тартибдан фойдаланган.
Хизматни проактив форматда 1414 рақамига ягона SМS-хабарга жавоб бериш, нафақани проактив рўйхатдан ўтказишга розилик билдириш ва банк ҳисобини тасдиқлаш орқали олиш мумкин. Хизмат кўрсатиш учун барча зарур маълумотлар давлат органларининг ахборот тизимларидан олинади.
Эслатиб ўтамиз, март ойида худди шу тамойилга кўра «Алтын алқа» ёки «Күміс алқа»(олтин ва кумуш медаль маъносида) билан тақдирланган оналарга нафақа тайинлаш автоматлаштирилиб, хизмат кўрсатиш муддатини 1 иш кунигача қисқартириш имконини берди.
Жорий йил охирига қадар ушбу усулни яна 2 та давлат хизматларида жорий этиш режалаштирилган.