Қозоғистонда нефть ва газ-кимё маҳсулотлари 2030 йилга бориб 1,8 миллион тоннага ошади

ASTANA. Kazinform - Қозоғистонда нефть ва газ кимё саноатини ривожлантириш бўйича 2024-2030 йилларга “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. 2030 йилга бориб ушбу соҳанинг ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 миллион тоннага этади.

Атырау
Фото: ҚР Үкіметі

ҚР Энергетика вазирлигидан маълум қилишларича, 2024-2030 йилларга мўлжалланган нефть-газ кимё саноатини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлиб, унда хомашё етказиб беришдан тортиб то якуний маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тадбирлар ўрин олган. Ҳужжатдан мақсад - нефть ва газ кимёси соҳасини ривожлантириш, бу борадаги лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашдан иборат.

“Йўл харитаси қоидаларини амалга ошириш доирасида қуйидаги натижалар кўзда тутилган. Нефть, газ ва кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2023 йилдаги 357,8 минг тоннадан 2030 йилгача 1,8 миллион тоннагача ошади. Нефть ва газ кимёси бўйича мавжуд ва янги лойиҳалар зарур хомашё билан таъминланган. Соҳага 14,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестициялар киритилиб, олтита лойиҳа амалга оширилиб, қарийб 3,5 минг доимий ва 16 мингта вақтинчалик иш ўринлари яратилади”, - деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Шунингдек, нефть, газ ва кимё саноати маҳсулотлари бозорини таъминлаш, ички истеъмолни рағбатлантириш кўзда тутилган. Илмий базани, инсон капиталини такомиллаштириш, шунингдек, тегишли меъёрий-техник ҳужжатларнинг қабул қилиниши ҳисобига соҳани ривожлантириш учун шароитлар яратилмоқда.

Ҳукумат йўл харитасини тасдиқлади.

Сўнгги хабарлар