Қозоғистонда муддатли ҳарбий хизматга чақирув бошланди

None
None
NUR-SULTAN. Кazinform - Қозоғистонда баҳорги муддатли ҳарбий хизматга чақирув бошланди. Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 4 март куни «Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни ва Қозоғистон Республикаси фуқароларини 2022 йилнинг март-июл ва сентябр-декабр ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақириш тўғрисида»ги Фармонни имзолади.

«Муддатли ҳарбий хизматга чақирув кампанияси 1 мартдан бошланиб, 30 июнга қадар давом этади. Келгуси тўрт ой давомида 18-27 ёшли 17 минг нафарга яқин ёшлар Қуролли Кучлар, бошқа қўшин ва ҳарбий қисмлар сафида хизмат қилади.

Дастлаб Миллий хавфсизлик қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати бўлинмалари, сўнгра Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмлари тузилади.

Муддатли ҳарбий хизматга чақириш кампанияси санитария-эпидемиология талабларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилмоқда. Бўлажак аскарлар икки марта, яъни назорат-ўтказиш пунктларида ва ҳарбий қисмларга етиб келганларида CОVID-19 га қарши ПЗР тестидан ўтадилар», - дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар 1414 ягона алоқа маркази хизмати орқали SMS-хабарлар, шунингдек, яшаш ва иш жойига юборилган шахсий чақирув қоғозлари орқали хабардор қилинмоқда.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирув маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ташкил этилади ва таъминланади. Мазкур чақирув комиссияларига вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари раҳбарлик қилади.

«Таъкидлаш жоизки, 2021 йил 1 мартдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўташни кечиктириш ёки озод қилиш давлат хизматлари рўйхатига киритилиб, унга кўра фуқароларга «Электрон ҳукумат» портали орқали хизматлар кўрсатилади.

Ҳар бир Мудофаа департаментида «Қуролли кучлар – ҳалоллик майдони» лойиҳа офиси мавжуд. Бу ерда муддатли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари барча керакли маълумотларни олишлари мумкин. Хавотирга сабаб бўлган саволларни Мудофаа вазирининг блогига, Мудофаа вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий аккаунтларига, шунингдек, маҳаллий ҳарбий идораларнинг электрон почталарига юбориш мумкин», — дея қўшимча қилди вазирлик.

Сўнгги хабарлар