Қозоғистонда коррупционерлардан қайтарилган маблағлар эвазига 77 та мактаб қурилди
ASTANА. Кazinform – Коррупционерлардан мусодара қилинган маблағлар эвазига 86 мингдан ортиқ ўқувчи ўрни фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарининг кўрсатмаларига биноан ташкил этилган Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси коррупционерлардан мусодара қилинган маблағлар билан тўлдирилмоқда. Мактабларда ўринлар етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун янги таълим муассасалари қурилмоқда ёки модернизация қилинмоқда, шунингдек, унга туташ бинолар қурилмоқда.
— Давлат болалар учун қулай ва хавфсиз таълим муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда 86 мингдан ортиқ ўринли 77 та мактаб фойдаланишга топширилди. Уларнинг аксарияти Алмати, Туркистон, Қизилўрда, Жамбил вилоятлари ва Астана шаҳрида жойлашган, — деди Инфратузилмани ривожлантириш департаменти бошлиғи Жайиқ Мақсутов.
Эслатиб ўтамиз, ўқувчилар учун қарийб 100 минг ўринли 89 та мактаб қурилиши жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.
Шунингдек, Қозоғистонда сўнгги икки йилда 340 та мактаб фойдаланишга топширилди.