Қозоғистонда қишлоқларни ривожлантириш учун ажратилган маблағлар миқдори маълум қилинди

«Мамлакатимизда 6293 та қишлоқ бўлиб, ушбу аҳоли пунктларида 8 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу, ўз навбатида, аҳолимизнинг 41 фоизига тенг. 2019 йилдан бошлаб «Қишлоқ – юрт бешиги» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг мақсади салоҳиятга эга 3,5 минг қишлоқда инфратузилмани ривожлантиришдан иборат. 2019-2021 йилларда ушбу лойиҳага 200 миллиард тенге ажратилган. Бу маблағлар ҳисобидан 665 та қишлоқда тегишли инфратузилма яратилди», — деди Р. Скляр.
Унинг сўзларига кўра, қишлоқдаги аҳволни яхшилашга хусусий инвесторлар ҳам ҳисса қўшмоқда. 2019 йилдан буён улар 57 миллиард тенге сармоя киритиб, 2 мингга яқин лойиҳани амалга оширди. Жорий йилда «Қишлоқ – юрт бешиги» лойиҳасига 128 миллиард тенге ажратилди. Бу маблағлар 576 қишлоққа йўналтирилган. 2023 йилда 140 миллиард тенге ажратилиб, 663 қишлоқ қамраб олинади.
«Қишлоқ аҳолисининг асосий муаммоси бандликдир. Биз бу йўналишда нима қиляпмиз? «Бастау-Бизнес» лойиҳаси доирасида 66 минг кишини тадбиркорликка ўргатганмиз, 10 минг қишлоқ аҳолисига ўз бизнесини очиш учун 50 миллиард микрокредит, яъни 6 фоиз билан 7 йилгача муддатга ажратилган. Яқинда Жамбил вилоятида пилот лойиҳасини амалга оширдик. Унга кўра, Ижтимоий тадбиркорлик палатаси орқали қишлоқ аҳолисининг тадбиркорлигига 2,5 фоизли кредит берилди. Пилот лойиҳа яхши самара берди. Шунинг учун келаси йили барча вилоятларда амалга оширамиз. Унга 52 миллиард тенгедан ортиқ маблағ ажратилади. Шу ҳисобига 11 мингта иш ўрни яратишни режалаштирганмиз», — деди Р. Скляр.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов