Қозоғистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишловчи 37 та завод қурилади
ASTANA. Kazinform - Янги қурилаётган чиқиндиларни қайта ишлаш завод ҳақида ҚР Экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Жомарт Алиев сўзлаб берди.

“Қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш заводларини қуриш ва модернизация қилиш учун 200 миллиард тенге ажратилади. Бугунги кунда 94 та лойиҳа танлаб олинди, улардан 37 таси янги заводлардир. Мамлакатимизда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш масаласи кескин. Ҳозир биз юқорида тилга олинган лойиҳаларни маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан мувофиқлаштирмоқдамиз. Чунки ҳудудда қанча чиқинди чиқаётганини маҳаллий орган билади. Айрим ҳудудларда битта, баъзиларида 2-3 та завод қуриш керак”, - деди Жомарт Алиев иккиламчи хомашёни қайта ишлашга бағишланган анжуманда.
Унинг сўзларига кўра, янги заводларда шиша, пластмасса, металл, электр жиҳозлари ва бошқа қаттиқ маиший чиқиндилар қайта ишланади.
Янги заводлар қуриш учун кредит шартлари:
- фоиз ставкаси - йиллик 3%;
- кредит муддати - 3 йилдан 15 йилгача;
- лойиҳа иштирокчиларига заводни қуриш ёки модернизация қилиш вақтида кредит таътиллари берилади;
- талаб қилинадиган миқдорнинг 20 фоизи лойиҳа иштирокчиси томонидан инвестиция қилинади.