Қозоғистонда иш берувчилар томонидан энг кўп қандай вакансиялар тақдим этиляпти
ASTANA. Kazinform - 2026 йил бошидан буён платформада 495,7 мингта ваканция ва 609,3 мингта резюме жойлаштирилган, деб хабар беради Kazinform ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигига таяниб.
2026 йил май ойида Электрон меҳнат биржаси Enbek.kz’да иш берувчилар 86,7 мингта вакансия (иш ўринлари) жойлаштирган, иш изловчилар эса 91,6 мингта резюме эълон қилган.
Тармоқлар кесимида талаб бўйича етакчи соҳа — таълим (14 минг иш ўрни). Шунингдек, бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш соҳасида (12,5 минг), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш (8,6 минг), қурилиш (8 минг), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги (7,5 минг), шунингдек қайта ишлаш саноатида (6,9 минг) сезиларли талаб сақланиб қолмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг кўп вакансия Астана шаҳрида (8,3 минг), Павлодар вилоятида (5,5 минг), Алмати шаҳрида (5,2 минг), Туркистон вилоятида (5,1 минг) ва Атирау вилоятида (5 минг) жойлаштирилган.
Квалификация даражаси бўйича талаб тузилмасида вакансияларнинг энг катта қисми ўрта даражали мутахассисларга тўғри келади — таклифларнинг тахминан 43 фоизи. Паст малака талаб қиладиган лавозимлар 31 фоизни, юқори малакали мутахассислар эса 26 фоизни ташкил этади.
Ишчи кучини таклиф қилиш томонидан май ойида 91,6 мингта резюме жойлаштирилган. Иш изловчилар орасида 35 ёшгача бўлганлар устун — барча резюмелернинг 41 фоизи. 35-44 ёшдагилар улуши 28 фоиз, 45-54 ёшдагилар — 20 фоиз, 55 ёшдан катталар — 11 фоизни ташкил этади. Жинсий таркиб: 52 фоиз аёллар, 48 фоиз эркаклар.
Квалификация даражаси бўйича ишчи кучини таклиф қилиш тузилмаси талаб билан деярли мос келади: резюмеларнинг 40 фоизи ўрта даражали мутахассисларга, 31 фоизи юқори малакали, 29 фоизи эса паст малакали изловчиларга тўғри келади.
Май ойида энг юқори иш ҳақи таклиф қилинган вакансиялар орасида қазиб олиш саноатида ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи ўринбосари (1,45 млн тенге), ахборот ҳимояси муҳандиси (1,23 млн тенге) ва бош пайвандчи (1,24 млн тенге) лавозимлари ажралиб туради.
Иш изловчилар томонидан эса энг юқори маош кутилмалари кема капитани (8,7 млн тенге), раҳбар ўринбосари (3,7 млн тенге) ва учувчи (2,8 млн тенге) лавозимларига тўғри келади.