Қозоғистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида аниқ қадамлар қўйилмоқда

Қозоғистон ўзининг халқаро мажбуриятларига мувофиқ кенг кўламли демократик ислоҳотларни амалга оширмоқда ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқда, дея хабар беради Кazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Ақорда
Фото: Мухтор Холдорбеков / Кazinform

Демократияни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш мақсадида зарур қонунчилик шароитлари яратилган.

Хусусан:

- “Халқ овозига қулоқ солувчи давлат” концепцияси тамойилларини амалга ошириш доирасида Қозоғистон фуқаролари сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнида кенг иштирок этадиган бўлди;

– Сиёсий бошқарувнинг мутаносиб тизими яратилди, Ҳукуматнинг ҳисоб бериши ва ошкоралик тамойиллари жорий этилди. Мақсад – мамлакатни сиёсий жиҳатдан ўзгартиришда бошланган жараёнларни охирига етказиш ва “Адолатли Қозоғистон”ни яратиш.

Асосий ислоҳотлар

1. Демократиядаги иштирок:

  • Давлат раҳбари ислоҳотига кўра, қонунчиликда Қозоғистон Республикаси Президентини бир марта етти йиллик муддатга сайлаш қоидаси тасдиқланди. Яъни Президент икки марта сайланиш ҳуқуқига эга эмас. Бу Қозоғистонда демократия тамойилларини мустаҳкамлаш имконини берди.
  • Суперпрезидентлик ҳокимиятини тугатишга қаратилган конституциявий ислоҳотлар амалга оширилди. Президентнинг маҳаллий ижроия органларига нисбатан ваколатлари чекланди, Сенатдаги квотаси қисқартирилди.
  • Расмий сиёсий партияларни рўйхатга олиш лимити тўрт баравар, яъни 20 мингдан 5 минг кишигача қисқартирилди. Рўйхатдан ўтиш қоидалари соддалаштирилди.
  • Миллий қонунчиликнинг либераллашуви натижасида “Республика” ва “Байтақ” каби янги сиёсий партиялар рўйхатга олинди. Улар 2023 йилнинг март ойида бўлиб ўтган Парламент сайловларида «Ақ жол», «Қазақстанның Халық партиясы» ва «Ауыл» каби машҳур партиялар билан бирга ғалаба қозонган.
  • Мажилис ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Янги моделга кўра, сайловлар партия рўйхати ва сайлов округлари бўйича ўтказилди. 2023 йил март ойидаги сайловлар натижасида Парламентда ўрин олган олти партиядан учтаси биринчи марта депутатлик мандатини қўлга киритди, улардан бири мухолифат партиясидир.
  • 2022-2023 йиллардаги сайловларда мамлакат Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти талабларига жавоб берадиган сайловларни тартибга солишнинг янги тизимини жорий этиш орқали Қозоғистонда сиёсий рақобатни таъминлаш имконини берди.
  • Сайловларда партия рўйхатларини тайёрлаш ва депутатлик мандатларини тақсимлашда хотин-қизлар, ёшлар ва алоҳида эҳтиёжли фуқаролар учун алоҳида квоталар жорий этилди.
  • Қозоғистон тарихида биринчи марта туман ва шаҳар миқёсидаги ҳокимлар сайлови бўлиб ўтди. Бу қишлоқ округлари ҳокимларининг қарийб 60 фоизини янгилаш имконини берди.
  • Маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатлари ҳудудий молиялаштиришни ўзгартириш ва янги Абай, Улитау, Жетису вилоятларини ташкил этиш туфайли кенгайтирилди. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқи маҳаллий ҳокимият органларига ўтказилди.
  • Президент ёшлар захираси ташкил этилди. Саралашнинг бир неча босқичларидан ўтган ёш мутахассислар давлат хизматининг раҳбарлик лавозимларига тайинланиш имкониятига эга бўлди.
  • Қозоғистоннинг келажакдаги ривожланиши билан боғлиқ мафкуравий ва маданий параметрларни белгиловчи мамлакатни бошқариш ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида одамларнинг иштирокини рағбатлантириш мақсадида Миллий Жамоатчилик ишонч кенгаши Миллий қурултой этиб қайта ташкил этилди.
Қонун ва ҳуқуқ
Фото: Ақорда матбуот хизмати

 

2. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмлари:

  • Ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими мустаҳкамланди. Қонун ҳужжатларига судлар мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартишлар қабул қилинди. Ҳакамлар ҳайъати(алқабилер соты) томонидан кўриб чиқиладиган ишлар тоифалари кенгайтирилди.
  • Қозоғистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий механизмлари роли кучайтирилди. Мамлакатда Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институти тўлиқ фаолият кўрсатмоқда. Ушбу институт конституциявий мақомга эга. Шунингдек, Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари, болалар ҳуқуқлари, алоҳида эҳтиёжли инсонлар ҳуқуқлари бўйича омбудсманлар тайинланди.
  • Конституциявий суд фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим механизми сифатида қайта ташкил этилди. Қозоғистон фуқаролари унга бевосита мурожаат қилишлари мумкин.
  • Конституциявий суд конституциявий назоратнинг олий органи бўлиб, Конституциянинг устунлигини таъминлайди. Конституциявий суд якуний қарорлар чиқаради ва унинг қарорлари, шу жумладан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари билан боғлиқ қарорлар Президент томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.
  • Конституцияга киритилган ҳар қандай ўзгартириш ва қўшимчалар фақат Конституциявий суднинг тегишли хулосаси бўлган тақдирдагина республика референдумига ёки Парламент кўриб чиқишига қўйилиши мумкин.
  • Конституциявий суднинг ўн бир судьясидан олтитаси, яъни кўпчилик Парламент палаталари томонидан тайинланади. Раис Президент томонидан тайинланса-да, унга Сенат розилиги керак.
  • Петицияларни эълон қилиш ва кўриб чиқиш тартибини тартибга солувчи қонун қабул қилинди. Бу фуқароларга онлайн ариза юбориш орқали ўз фикрларини билдириш имконини беради. Бундай амалиёт Ҳукумат фаолиятининг шаффоф мониторингини таъминлайди.

3. Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги:

  • Ижтимоий кодекс қабул қилинди. Ҳужжат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифасига кирувчи фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган. Зарарли меҳнат шароитида ишлайдиганлар учун махсус тўлов тасдиқланди.
  • Президент Қозоғистоннинг халқаро мажбуриятларига тўлиқ мос келадиган “Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш соҳасидаги ҳаракатлар режаси тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
  • Қозоғистонда ўлим жазоси бекор қилинди ва маҳкумларнинг соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фуқаролик функциялари Ички ишлар вазирлигидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтказилди. Қозоғистон БМТнинг болалар ва ногиронлар ҳуқуқлари бўйича факультатив протоколларини ратификация қилди.
  • Қийноқлар учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди, қийноқларга қарши курашнинг миллий профилактик механизми мустаҳкамланди, қийноқлар ва шафқатсиз ҳаракатлар тушунчасининг ҳуқуқий таърифи жорий этилди.
  • Оилавий зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик сезиларли даражада кучайтирилди. Бундай ҳолларда тарафлар ўртасида ярашиш имконияти қонун билан истисно қилинади.
  • Миллий жамғармадан болалар учун ажратиладиган маблағларни тартибга солувчи қонун қабул қилинди.
  • Митинглар тўғрисида янги қонун қабул қилинди. Рухсатнома олиш ўрнига олдиндан огоҳлантириш тартиби жорий этилди. Натижада Қозоғистонда тинч митинглар сони бир неча баробар ортди.
  • Хавфсиз рақамли маконни яратиш учун ОАВ қонуни ислоҳ қилинди.
Қонун ва ҳуқуқ
Фото: Ақорда матбуот хизмати

 

Сўнгги хабарлар