Қозоғистонда инклюзив таълим бўйича Бутунжаҳон конгресси бўлиб ўтади

ASTANA. Kazinform – Жорий йил 15-17 октябрь кунлари Алмати шаҳрида инклюзив таълим соҳасидаги энг йирик халқаро тадбир – World Inclusion Congress (WIC 2025) Бутунжаҳон конгресси бўлиб ўтади. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазирлиги хабар берди.

Елімізде инклюзивті білім беру жөніндегі Дүниежүзілік конгресс өтеді
Фото: Оқу-ағарту министрлігі

Инклюзив таълим - Қозоғистон давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев жисмоний, руҳий ва ижтимоий хусусиятларидан қатъи назар, барча болалар учун тенг имкониятлар яратиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

2021 йилда “Инклюзив таълим масалалари бўйича Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши билан алоҳида таълимга муҳтож болалар учун таълимнинг барча босқичларида алоҳида шароитлар яратила бошланди.

2025 йил бошида Лондонда бўлиб ўтган дунёдаги энг йирик Bett Show халқаро кўргазмада биринчи World Inclusion Congress Қозоғистонда ўтказилиши расман эълон қилинди.

Конгресс Қозоғистон Таълим-маориф вазирлиги ва Алмати шаҳар маъмурияти кўмагида ўтказилмоқда. Тадбир Буюк Британиядаги International Forums of Inclusion Practitioners (IFIP) ва Қозоғистондаги «HOPE» (Help Others Pursue Education) жамғармаси ташаббуси билан ўтказилади.

Конгрессда амалий тажриба, уч йўналишли ёндашув (педагогик инновациялар, технологик ютуқлар ва корпоратив ҳамкорлик), шунингдек, сунъий интеллект ва янги технологияларни жорий этиш масалаларига эътибор қаратилади.

Унда 40 мамлакатдан 1200 дан ортиқ делегатлар, жумладан вазирлар, экспертлар, халқаро ташкилотлар, етакчи университетлар, тадқиқот марказлари, EdTech компаниялари вакиллари иштирок этиши режалаштирилган. Жаҳон корпоратив раҳбарларининг иштирок этиши стратегик имкониятлар эшигини очиб, Қозоғистонга жаҳон эътиборини тортади ҳамда инвестициялар жалб этишга йўл очади.

Конгресс доирасида “Инклюзив таълимнинг глобал тенденциялари: муаммолар ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати, халқаро ҳамкорлик ва инклюзив сиёсат инновацияларига бағишланган ялпи мажлислар, илғор тажриба алмашиш платформалари бўлиб ўтади.

Бундан ташқари, маҳаллий ва хорижий компаниялар иштирокида таълим, рақамли технологиялар ва қулай муҳит яратиш бўйича инновацион кўргазма ташкил этилади.

Тадбирда инклюзив таълимни янада ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим халқаро ҳужжат – Алмати декларацияси лойиҳаси муҳокама этилади.

Сўнгги хабарлар