Қозоғистонда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариши 22,6 фоизга ошди
ASTANA. Kazinform - Июнь ойининг иккинчи якшанбасида Қозоғистонда ҳар йили Енгил саноат ходимлари куни нишонланади, деб хабар беради Kazinform.
Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазирлиги таъкидлашича, мазкур касб байрами соҳа мутахассисларининг миллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва мамлакатнинг саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини эътироф этиш ҳисобланади. Бугунги кунда тармоқда минглаб мутахассислар меҳнат қилмоқда. Уларнинг кундалик меҳнати ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги йўналишларни ривожлантириш ва Қозоғистон маҳсулотларининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Енгил саноат ижтимоий аҳамиятга эга соҳа бўлиб, сўнгги беш йил давомида барқарор ўсишни намоён этмоқда.
2025 йил якунларига кўра, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2024 йилга нисбатан 22,6 фоизга ошиб, 259,5 миллиард тенгени ташкил этди. Ўсишнинг асосий омили тўқимачилик саноати бўлиб, унинг ишлаб чиқариш ҳажми 159 миллиард тенгега етди.
Тармоқ қайта ишлаш саноатининг энг тез ривожланаётган сегментларидан бири бўлиб қолмоқда. 2026 йил январь–апрель ойлари якунларига кўра, соҳадаги ишлаб чиқариш ҳажми 77,1 миллиард тенгега етди, жисмоний ҳажм индекси эса 225,2 фоизни ташкил қилди.
Энг юқори ўсиш суръатлари тўқимачилик ишлаб чиқаришида қайд этилди. Ушбу йўналишда ишлаб чиқариш ҳажми 46 миллиард тенгени ташкил этиб, жисмоний ҳажм индекси 296 фоизга етди. Кийим-кечак ишлаб чиқариш ҳажми 25,2 миллиард тенгени (ЖҲИ — 135,8%), чарм ва унга тегишли маҳсулотлар ишлаб чиқариш эса 5,8 миллиард тенгени (ЖҲИ — 142%) ташкил қилди.
Бугунги кунда енгил саноат 1,4 мингдан ортиқ корхонани бирлаштириб, 18 мингдан зиёд аҳолини иш билан таъминлаган. Тармоқ тузилмасида асосий улушни кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхоналар эгаллайди. Улар барча фаол компанияларнинг ярмидан кўпроғини ташкил этади.
Соҳани янада ривожлантириш мақсадида ҚР Саноат ва қурилиш вазирлиги томонидан 2026–2030 йилларга мўлжалланган енгил саноатни ривожлантириш бўйича Комплекс режа ишлаб чиқилятпи.
Мазкур ҳужжат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этишни назарда тутади. Хусусан, давлат ёрдамини маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича бизнес мажбуриятлари билан боғлайдиган махсус келишувлар механизмини амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, рақамли назоратни кучайтириш шарти билан корпоратив даромад солиғи ва қўшилган қиймат солиғи бўйича ноль ставка қўллаш каби солиқ имтиёзлари ҳам кўриб чиқиляпти.
Асосий йўналишлардан бири тўқимачилик ишлаб чиқаришини ривожлантириш бўлиб қолган. Мамлакатда пахта-тўқимачилик кластери яратиш бўйича «Йўл харитаси» амалга ошириляпти. Шу билан бирга, инвестициялар жалб этиш ва хом ашёни чуқур қайта ишлашни ривожлантириш ишлари давом эттириляпти.
2023 йилдан буён “Фонд развития промышленности” акциядорлик жамиятининг имтиёзли молиялаштириш механизмлари орқали енгил саноатга оид 6 та лойиҳа маъқулланиб, молиялаштирилди. Уларнинг умумий қиймати 10,2 миллиард тенгени ташкил этади.
Бозор шаффофлигини ошириш ишлари ҳам давом эттириляпти. Мамлакатда енгил саноат товарларини маркировкалаш ва уларнинг ҳаракатини кузатиб бориш механизмлари жорий этилган. Бу яширин айланма улушини қисқартириш ва ҳалол рақобатни таъминлаш имконини беради.
Инвесторларни жалб этиш мақсадида соҳа корхоналари махсус иқтисодий зоналар тақдим этадиган имтиёзлардан фойдаланиши мумкин. Енгил саноат мамлакатдаги 10 та махсус иқтисодий зонанинг устувор фаолият турлари рўйхатига киритилган. Бу эса бизнесга тайёр инфратузилма, солиқ имтиёзлари ва давлат қўллаб-қувватлов чораларидан фойдаланиш имконини беради.
Тармоқ ривожига инвестиция лойиҳалари ҳам катта ҳисса қўшиб келяпти. 2025 йилда Ягона индустриализация харитаси доирасида 9 та лойиҳа ишга туширилиб, 520 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Йирик лойиҳалардан бири — «Туркестан текстиль» билан пахта саноатининг тўлиқ циклли интеграциялашган лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестиция келишувининг имзоланиши бўлди. Лойиҳа замонавий ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган.
2026 йил охирига қадар соҳада яна 9 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бу қўшимча янги иш ўринлари яратиш ва мамлакатнинг саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлаш имконини беради.