Қозоғистонда экиш мавсуми муваффақиятли якунланди
ASTANA. Kazinform – Давлат кўмагининг самарали чораларига, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишчиларнинг va маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг ҳамжиҳатли фаолиятига кўра экиш мавсуми агротехник жиҳатдан энг мақбул муддатларда ўтказилди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Таъкидланишича, илк бор экиш мавсумини молиялаштириш ишлари далалардаги иш бошланишидан ярим йил аввал йўлга қўйилди. Унинг умумий ҳажми 700 миллиард тенгени ташкил қилди. Агросоҳада фаолият юритувчи тадбиркорларни имтиёзли молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида кредит суммаcининг 85 фоизигача кафиллик бериш механизми жорий этилди.

Қишлоқ хўжалиги техникаларини имтиёзли лизинг асосида етказиб бериш ҳажми 250 миллиард тенгени ташкил қилди. Бу эса машина-трактор паркларини янгилашга ижобий таъсир кўрсатиб, баҳорги дала ишларини юқори технологик самарадорлик билан амалга ошириш имконини берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилда қишлоқ хўжалиги экинлари 23,7 миллион гектар майдонга жойлаштирилди.
Бу йил экин майдонларининг тузилишига алоҳида эътибор қаратилди. Уларда илмий асосланган экин айланмаси нормалари, иқлим хавфларига бардошлилик ва бозор талабларига мослик каби омиллар инобатга олинди.

Натижада юқори даромад келтирадиган ва бозорда талаб юқори бўлган экинлар майдони оширилди. Масалан, ёғли экинлар майдони 3,4 миллион гектарни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 500 минг гектарга кўпайди. Озиқ-овқат учун мўлжалланган экинлар майдони 3,3 миллион гектарга етиб, 114 минг гектарга ортди. Дон учун экиладиган жўхори — 167,5 минг гектар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари — 222,3 минг гектарни ташкил қилди.
Бу майдонлар нафақат мамлакатнинг ички эҳтиёжини қондиришга, балки агросаноат мажмуасининг экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.