Қозоғистонда автосаноат қанча даромад келтирмоқда
АСТАНА. Kazinform – Автосаноат – мамлакат иқтисодиётида жадал ривожланаётган йўналишлардан бири. Kazinform мухбири соҳадан келадиган даромад ва маҳаллий автомобиль ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини таҳлил қилди.

Иқтисодиётда автосаноат улуши
ҚР Саноат ва қурилиш вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида машинасозлик соҳасида автомобиль саноати улуши 40,9%га, қайта ишлаш соҳаси эса 7,28%га етди. Солиштириш учун: 2018 йилда автомобиль саноати улуши 19,2%, қайта ишлаш эса 1,98% бўлган. Демак, олти йил ичида автосаноат 2,1 баробарга, қайта ишлаш эса 3,7 баробарга ўсган.
Қозоғистонда 8 та автомобиль заводи фаолият юритади
- «СариарқаАвтоПром» (Қостанай) – енгил автомобиллар, автобуслар, юк ва махсус техникалар ишлаб чиқаради.
- «Hyundai Trans Kazakhstan» (Алмати) – енгил автомобиллар ишлаб чиқаради.
- «Hyundai Trans Auto» (Алмати) – юк машиналари, автобус ва махсус техникалар йиғади.
- «СемАЗ» (Семей) – юк машиналари ва махсус техникалар ишлаб чиқаради.
- «Daewoo Bus Kazakhstan» (Семей) – автобуслар ишлаб чиқаради.
- «КамАЗ-Инжиниринг» (Кўкшетау) – юк автомобиллари, автобус ва махсус техникалар ишлаб чиқаради.
- «QazTehna» (Саран, Қарағанди вилояти) – автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқаради.
- «Уральскагрореммаш» (Орал) – юк автомобиллари ва махсус техникалар ишлаб чиқаради.
Ишлаб чиқарувчилар маълумотларига кўра, ўтган йили 145 мингдан зиёд автомобиль ишлаб чиқарилган. 2018 йилда бу кўрсаткич 32 минг, 2021 йилда эса 93 мингта эди. Демак, олти йилда ишлаб чиқариш ҳажми 4,5 баробарга ошди, 2021 йилга нисбатан эса 56%га кўпайди.

Алмати-Қостанай: янги заводлар соҳани ривожлантирадими?
Жорий йилда икки йирик лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган:
- Алматида CHANGAN, Chery ва GWM автомобилларини ишлаб чиқарадиган, йилига 120 мингта машина чиқариш қувватига эга мультибрендли завод. Ишга тушириш муддати – 2025 йилнинг III чораги.
- Қостанайда йилига 70 мингта автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга KIA заводи. Ишга тушириш муддати – 2025 йилнинг IV чораги.
Бундан ташқари, бозордаги хусусий компаниялар ҳам ишлаб чиқаришни тўхтатмаган. Демак, ушбу сегментга бизнес томонидан қизиқиш юқори.
Иш ўринлари ва ижтимоий таъсир
Ўтган йили автосаноатга 6,5 минг киши ишга жойлашган. Жорий йил ўрталарига келиб иш ўринлари 7,6 мингга етди. Алмати ва Қостанайдаги заводлар ишга тушса, қўшимча 5 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Автосаноатдаги ҳар бир иш ўрни қўшимча бир нечта хизматни қамраб олади – логистика, хизмат кўрсатиш, савдо каби йўналишлар ҳам ривожланади.

Солиқ тушумлари
Давлат даромадлари қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатдаги 8 автоишлаб чиқарувчи бюджетга 16,9 миллиард тенге тўлаган.
Солиқ тушумлари:
- 2024 йил – 36,2 миллиард тенге;
- 2023 йил – 47,5 миллиард тенге;
- 2022 йил – 27 миллиард тенге.
Солиқ ҳажми йилдан-йилга ўзгариб тургани билан, автосаноат бюджетнинг барқарор даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Янги автомобиллар нархи
«Қозоғистон Автомобиль Иттифоқи» (ҚАИ) Юридик шахслар уюшмаси маълумотларига кўра, жорий йил июнь ойида мамлакатда янги автомобиллар бозори қуйидагича шаклланган:
- седанлар – 7,3 миллион тенгеден бошланади, ўртача нарх – 11,1 миллион тенге;
- кроссовер ва йўлтанламас автомобиллар – 7,3 миллион тенгеден бошланади, ўртача нарх – 16,8 миллион тенге;
- минивенлар – 11,6 миллион тенгеден бошланади, ўртача нарх – 18,9 миллион тенге.
Автомобилнинг якуний нархи танланган жиҳозланишга боғлиқ. Автомобиль эксперти Алексей Алексеевнинг айтишича, Қозоғистонда янги автомобиллар нархи 7–23 миллион тенге орасида, ўртача бозор қиймати эса тахминан 13 миллион тенгени ташкил этади.
Шунингдек, «Қозоғистон Автомобиль Иттифоқи» ЮШУ президенти Анар Макашеванинг маълум қилишича, мамлакатда 20 йилдан зиёд вақт аввал ишлаб чиқарилган 2,5 миллион автомобиль йўлларда ҳаракатланмоқда. Уларнинг кўпчилиги замонавий хавфсизлик ва экологик талабларга жавоб бермайди. Шу боис давлат халқаро тажрибага таяниб, автопаркни янгилаш механизмларини кўриб чиқмоқда.

Қозоғистонда автoмoбиль ишлаб чиқариш самаралими?
Қозоғистонда автoмoбиль саноати сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда. ҚАИ президенти Анар Мақашеванинг таъкидлашича, автоиндустрия фақат солиқ тушумлари учун эмас, балки янги иш ўринлари яратиш, қўшма сегментларни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва мутахассислар малакасини ошириш каби йўналишларда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши мамлакат ЯИМига тўғридан-тўғри таъсир қилади. 2025 йилнинг етти ойида саноат ишлаб чиқариш индекси 118,6% бўлди, машинасозликда автоиндустрия улуши 40,7% етди. Бундан ташқари, бу тўғридан-тўғри инвестиция манбаи: ўтган йилнинг ўзида 189,8 миллиард тенге жалб этилган. Демак, ишлаб чиқаришнинг ривожланиши моделлар қаторини янгилашга, инфратузилмани ривожлантиришга ва соҳани кенгайтиришга йўл очади”, – деди Анар Мақашева.
Экспертнинг сўзларига кўра, соҳада инвесторлар қизиқиши ортиб бормоқда. Улар ёрдамида янги корхоналар очилади, автомобиль эҳтиёт қисмлари маҳаллий ишлаб чиқаришда тайёрланади. Шунингдек, сўнгги технологиялар ҳам кириб кела бошлаган.
Анар Мақашева автоиндустрия савдога нисбатан чиқимдорроқ ва даромади вақт талаб этадиган бизнес эканини қайд этди. Бу ердаги асосий омил – ишлаб чиқариш ҳажми.
“Автоиндустриядаги инвестиция ўзини оқлаши учун узоқ вақт талаб этади. Асосийси – вақт. Агар барқарор бозор шаклланса, давлат учун ҳам, инвесторлар учун ҳам самарали бўлади”, – деди ҚАИ президенти.
Автомобиль эксперти Алексей Алексеев ҳам Қозоғистонда автомобиль ишлаб чиқариш мамлакат иқтисодиёти учун фойдали эканини тан олади, аммо бизнес нуқтаи назаридан даромадига шубҳа билан қарайди. Унинг таъкидлашича, автозаводлар қуриш ва ривожлантириш катта сармоя талаб қилади, шунингдек ишлаб чиқарувчиларнинг аниқ қанча фойда олиши мумкинлигини башорат қилиш қийин.
“Автозаводларни қуриш ва ривожлантириш учун жуда катта инвестиция зарур. Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчиларнинг аниқ қанча даромад олиши мумкинлигини ҳеч ким қатъий айта олмайди. Соҳадаги молиявий кўрсаткичлар очиқ манбаларда эълон қилинмайди, шунинг учун объектив баҳолаш ҳам осон эмас”, – деди у.

Сифат ва маҳаллий ишлаб чиқариш даражаси
Қозоғистон бозоридаги барча автомобиллар – маҳаллий ишлаб чиқарилгани ҳам, импорт қилингани ҳам – ЕИИ техник регламентлари талабларига мос келиши шарт. Анар Макашеванинг сўзларига кўра, маҳаллий заводларда кўп босқичли сифат назорати амал қилади: ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичи текширилади, алоҳида назорат бўлими ишлайди, тайёр автомобиллар эса бозорга чиқишдан олдин синовдан ўтказилади.
“Заводларда технологик жараёнга риоя этилишини назорат қилувчи бренд вакиллари доимий инспекция ўтказади. Шунингдек, давлат талабига кўра, техник регламентлар қатъийлашиши мумкин. Масалан, агар авариялар сони кўпайса, хавфсизлик бўйича мажбурий опциялар жорий этилади, хавфсизлик ёстиқчалари сони оширилади. Агар экология масаласи устувор бўлса, ёқилғи талаблари ва экологик стандартлар кучайтирилади. Бундай амалиёт бошқа давлатларда ҳам кенг қўлланилади”, – деди Анар Мақашева.
Ҳозирги пайтда энг муҳим вазифа – маҳаллий автокомпонентлар базасини шакллантириш. Яъни эҳтиёт қисмларнинг кўпроқ қисмини маҳаллий ишлаб чиқаришга шароит яратиш зарур. Бу ташаббус фақат йиғиш билан чекланмай, маҳаллий автомобиль саноатини ривожлантиришга хизмат қилади. Давлат учун – инвестициявий ва технологик ўсиш, инвестор учун – харажатларни камайтириш ва бозорни кенгайтириш, истеъмолчи учун эса – янги имконият ва арзон автомобилларга эришиш имконини беради.
Алексей Алексеевнинг айтишича, маҳаллий автомобиль сифатига бўлган истеъмолчи муносабати охирги йилларда ижобий томонга ўзгарган. Аввал маҳаллий маҳсулотга шубҳа бўлган бўлса, вақт ўтиши билан заводлардан чиққан автомобиллар сифати бу фикрни ўзгартирган. Унинг таъкидлашича, маҳаллий автомобиллар халқаро стандартларга жавоб беради ва брендларнинг хорижий заводларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлари билан рақобат қила олади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда машинасозлик соҳасида маҳаллий автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми 149 мингга етди – ўтган йилга нисбатан 5% кўп.
2025 йилда Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги соҳага оид қарор қабул қилди. Унга кўра, қозоғистонликлар янги ёки эски автомобиль харид қилиш учун кредит олганда қарз юкламаси коэффициенти (КДН) ҳисобланмайди.