Қозоғистонда 8 та давлатдан археолог ва музей мутахассислари йиғилди

ASTANА. Кazinform — Хорижлик экспертлар Қозоғистонда археология фанини ривожлантириш йўналишларини муҳокама қилди, дея хабар беради ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизмати.

Музей
Фото: ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги

"Есик" давлат тарихий-маданий музей-қўриқхонасида “Археология соҳасидаги халқаро тадқиқотлар: тажриба, натижалар ва устувор йўналишлар” мавзусида “Есик ўқувлари” VI халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Халқаро анжуманда Қозоғистон, Хитой, Буюк Британия, Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Озарбайжон каби давлатлардан археолог ва музей мутахассислари иштирок этди.

анжуман иштирокчилари
Фото: ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги

Анжуман бир қатор муҳим тарихий воқеаларга тўғри келди. Хусусан, бу йил “Олтин одам” топилганига 55 йил, “Есик” давлат тарихий-маданий қўриқхона музейи ташкил этилганига 15 йил, атоқли археолог ва олим Бекмуханбет Нурмуханбетов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланади.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлигининг Маданият қўмитаси раиси Ерлан Дакенов мамлакатда тарихий-маданий меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани, бу борадаги илмий тадбирлар катта аҳамият касб этишини таъкидлади.

— Музей-қўриқхона очилган кундан бошлаб нафақат музей, балки илмий-тадқиқот маркази сифатида ҳам фаол ишламоқда. 2017 йилдан бошлаб Шэньси провинцияси (Хитой) Археология институти билан яқин ҳамкорлик ўрнатилиб, бунинг натижасида бир қатор қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, Қозоғистонда Хитойнинг Шимоли-ғарбий университети қошидаги “Ипак йўли археологияси” илмий-тадқиқот марказининг филиали фаолият юритмоқда, — дейилади хабарда.

Пленар йиғилишлар ва секция йиғилишларида Қозоғистондаги археологик ёдгорликларни асраб-авайлаш ва улардан самарали фойдаланиш, тарихий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш усуллари, фанлараро тадқиқотлар ва музей ишидаги замонавий вазифалар кенг муҳокама қилинди. Анжуманда археология илми ривожига улкан ҳисса қўшган Бекмуханбет Нурмуханбетовнинг илмий йўли ҳақида ҳам сўз юритилди.

ануман иштирокчилари
Фото: Маданият ва ахборот вазирлиги

Дастур доирасида “Рахат археологик мажмуаси” монографияси ва “Есик” давлат музей-қўриқхонасига оид хитой тилидаги биринчи қўлланма тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ўрта асрлар Талғар (Талхиз) шаҳарчаси ҳудудида “Талхиз хазиналари” кўчма кўргазмаси ташкил этилди.

Конференция якунлари бўйича тарихий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш, археологик тадқиқотларнинг назарий ва амалий жиҳатларини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Қарор қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Петропавлдаги Ислом маданияти музейида 1,5 асрлик жойнамоз сақланаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар