Қозоғистонда 400 дан ортиқ Кипр компаниялари фаолият юритади
ASTANA. Kazinform - Ҳозирги вақтда Қозоғистонда Кипр капитали иштирокидаги 400 дан ортиқ компаниялар фаолият юритмоқда. Уларнинг 30 га яқини Астана халқаро молия марказида рўйхатдан ўтган, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Бу ҳақда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Кипр Президенти Никос Христодулидис билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу кўрсаткич мамлакатлар ўртасидаги бизнес ва инвестиция алоқаларининг изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.
"Бугун пойтахтда Қозоғистон-Кипр бизнес форуми бўлиб ўтмоқда. Ушбу муҳим тадбирда икки мамлакат бизнес ҳамжамияти вакиллари иштирок этмоқда. Кипрлик тадбиркорлар делегацияси форумда иштирок этиш учун махсус ташриф буюрди. Бунинг учун мен ҳурматли Президентга самимий миннатдорчилигимни билдираман", - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари Қозоғистон ўз бозорида фаолият юритишга қизиққан Кипр компаниялари учун ҳар доим қулай шароитлар яратишга тайёр эканлигини яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, у кипрлик ишбилармонларни узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга таклиф қилди.
"Мамлакатимиз яқинда янги Конституцияни қабул қилди. Асосий қонунга кўра, Қозоғистонда барча мулкчилик шакллари кафолатланган. Асосий қонунимиз инвесторларнинг ҳуқуқларини максимал даражада ҳимоя қилади. Бундан ташқари, кипрлик шериклар Қозоғистоннинг "олтин виза" дастуридан фойдаланишлари мумкин. Уни олган тадбиркорлар ва мутахассислар солиқ ва иммиграция имтиёзларини олишади», - деб таъкидлади Қозоғистон Президенти.