Қозоғистонда 16 мингдан зиёд чет эл фуқаролари меҳнат қилади
Хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар қаторига қуйидаги тоифалар киради: биринчи (раҳбар ва уларнинг ўринбосарлари) учун 647 та, иккинчи тоифадаги (таркибий бўлинмалар раҳбарлари) 3222 та рухсатномалар. Ишчи кучининг асосий қисми учинчи (мутахассислар) ва тўртинчи (малакали ишчилар) тоифаларига тўғри келади - мос равишда 7746 ва 718 киши. Шунингдек, мавсумий ишларга 1769 нафар, корпоратив алмашинувга 1957 нафар фуқаро жалб этилган.
Ҳозирда Қозоғистонда чет эллик ишчи кучи тизимидан фойдаланадиган 1739 иш берувчи мавжуд. Уларда 458 мингдан ортиқ Қозоғистон фуқаролари ишлайди, бу умумий ходимлар сонининг 97 фоизини ташкил қилади.
Меҳнат мигрантларининг асосий келиб чиқиш мамлакатлари Хитой – 4068 киши, Туркия – 2069 киши, Ўзбекистон – 1782 киши, Ҳиндистон –1212 киши, Буюк Британия - 1047 киши.
Ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳар йили республикага чет эллик мутахассисларни жалб қилиш учун квота белгилайди. 2021 йилда квотанинг ҳажми ишчи кучининг 0,31 фоизини ёки 29,3 минг бирликни ташкил этди.